Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 июлдаги “Атоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қосибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида олий ўқув юртларида адабий-бадиий кеча ва турли тадбирлар ташкил этилмоқда.

Жумладан, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Шеърлари  қалбимизга муҳрланган шоир”  мавзусида адабий-бадиий кеча ўтказилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қорақалпоқ адабиётининг фахри бўлган шоир таваллудининг 200 йиллиги ЮНЕСКО доирасида халқаро миқёсда нишонланадиган юбилейлар рўйхатига киритилганлиги ҳар биримизнинг қалбимизда ғурур туйғусини уйғотганлигини таъкидлаб ўтди. Шу билан бирга шоирнинг бизга мерос бўлиб қолган асарларини асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиш бурчимиз эканлиги, бобомизнинг хотирасини улуғлаш ва юбилейи кенг нишонланишига ҳисса қўшиш олий бахт эканлиги уқтирилди.

Ажиниёз Қосибой ўғлининг ХIХ аср Қорақалпоқ адабиёти ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси, чуқур фалсафий мазмунга эга шеърлари ҳақида талаба-ёшларга атрофлича тушунча берилди. Бу каби адабий-бадиий кечаларни ташкил этиш орқали Қорақалпоқ классик адабиётининг йирик намоёндаси бўлган улуғ шоирнинг ўлмас асарлари ва бой ижодини  талаба-ёшлар орасида кенг  тарғиб қилиш имкони яратилиши билан бирга уларнинг қалбида улуғ аждодларимиз хотирасига бўлган меҳр-муҳаббатни янада кучайтириш, мутолаага бўлган иштиёқни ошириш мумкин.

Адабий-бадиий кеча давомида иқтидорли талаба-ёшлар томонидан шоирнинг ижод намуналаридан парчалар ўқилди.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири.