Наманган шаҳридаги “Паҳлавон” спорт мажмуасида ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритилган таэквондо “WT” бўйича “Uzbekistan Open” халқаро турнирига старт берилди.

Халқаро таэквондо федерацияси, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, республика Спорт вазирлиги, Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур нуфузли мусобақада нафақат мамлакатимиз, балки Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Қозоғистон, Россия Федерацияси, Корея Республикаси, Ҳиндистон, Канада каби жаҳоннинг ўндан ортиқ давлатларидан келган 1 минг 400 дан зиёд шарқона яккакураш усталари ғолиблик учун татамига чиқади.

Ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасидаги беллашувлар 36 килограммдан +87 килограммгача бўлган вазн тоифаларида ўтказилмоқда. Баҳсларни Тунис, Эрон Ислом Республикаси, Баҳрайн, Корея Республикаси, Иордания каби хорижий мамлакатлардан таклиф этилган малакали ҳакамлар гуруҳи баҳолаб бормоқда.

– Биринчи маротаба Наманганда ташкил этилаётган жаҳон даражасидаги ушбу халқаро турнирнинг аҳамияти спортчилар учун ҳам, ташкилотчилар учун ҳам муҳим аҳамиятга эга, – дейди Халқаро таэквондо федерациясининг ташкилий делегацияси вакили Тавфиқ Насир. – Ўзбеклар меҳмондўст халқ эканлигига бизларни кутиб олиш жараёнларида яна бир бор амин бўлдим. Мусобақа кутилган даражада юксак савияда ўтадиган бўлса, биз Осиё чемпионати ёки Осиё ўйинлари мақомидаги мусобақалар мезбонлигини Наманган шаҳрига бериш борасида таклифларимизни киритишимиз мумкин.

Эътиборлиси, мусобақада ғолиб бўлганлар “Лос-Анжелес-2028” ёзги Олимпия ўйинлари учун 10 баллик рейтинг очколарини қўлга киритиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, халқаро очиқ турнирда Осиё чемпионати, Осиё ўйинлари, жаҳон чемпионати, жаҳон кубоги, гран-при туркумидаги нуфузли мусобақаларда ғолиб чиққан иқтидорли таэквондочиларимиз Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишмоқда.

Жумладан, Наманган шаҳридаги Яккакураш спорт турларига ихтисослашган спорт мактаби тарбияланувчиси, халқаро тоифадаги спорт устаси Асадбек Соаталиев “Uzbekistan Open”даги иштирокини ғалаба билан бошлади. У жорий йилнинг сентябрь ойида Жанубий Кореяда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидаги зафарли юришини юртимизда муносиб давом эттиришга астойдил аҳд қилган.

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.