Пойтахтимиздаги «ЖАР» спорт-соғломлаштириш мажмуасида ушу спорт турининг санда ва таолу йўналишлари бўйича Ўзбекистон кубоги беллашувлари бўлиб ўтмоқда.

Турли ёш тоифалари ўртасида бўлиб ўтаётган мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан жами 1400 нафарга яқин спортчи иштирок этмоқда.

Мусобақанинг илк кунида 7-12 ёшлилар ўртасида санда беллашувлари ўтказилди.

Шу куни кубок баҳсларининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Тадбирда сўз олган Ўзбекистон ушу федерацияси раиси Равшан Ғаниев ҳамда Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь мусобақа иштирокчиларига омад тилади.

Шунингдек, бугун таолу йўналиши бўйича ҳам беллашув бўлиб ўтди. Унда жаҳон чемпионати иштирокчилари ва совриндорлари Азизбек Турғунбоев, Абдувоҳид Мирвоҳидов, Абдуҳамид Одилов, Авазбек Маҳамаджонов ва Сайдулло Абдурашидовнинг иштирок этаётгани мусобақанинг нуфузли эканлигини билдириб турибди.

Кубок ғолиби ва совриндорлари номи эртага маълум бўлади.

Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА