Тошкентда “Фарма Ўзбекистон ва Марказий Осиё ” III халқаро конгресс ва кўргазмаси бўлиб ўтди. Мазкур йирик тадбир Ўзбекистон фармацевтика саноати етакчилари учун инвестиция лойиҳалари менежерлари, йирик корхоналар, ҳокимият органлари, назорат қилувчи органлар, ишлаб чиқариш технологиялари лицензияловчилари, ишлаб чиқувчилар, дистрибюторлар, ускуналар, муҳандислик ва дизайн, қурилиш компаниялари, технология ва хизмат кўрсатувчи провайдерларни бирлаштирди.
Тадбирда «Uzgermed», «Mediopharm», «Dora line», «Nika Pharm», «Nobel Pharmsanoat», «Zuma pharma», «Grand Pharm Trade», «Dori-Darmon», «Dentafill Plus», «LAFZ», «Novopharma Plus», «ALPHAONETAL PHAR» сингари 200 дан ортиқ компаниялар раҳбарлари ва техник директорлари бошчилигидаги делегациялар иштирок этди.
Ишлаб чиқариш қувватларини қуриш ва модернизация қилиш бўйича энг йирик инвестиция лойиҳалари, шунингдек, мавжуд фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти самарадорлигини ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган конгрессда “Фармацевтика соҳасини ривожлантиришда давлат томонидан тартибга солиш ва қўллаб-қувватлашнинг ўрни”, “Давлат ва бизнес ўртасидаги мулоқот: Ўзбекистон ва Марказий Осиё фармацевтика бозорининг истиқболлари ва муаммолари“, “Давлатнинг янги ташаббуслари ва лойиҳалари нуқтаи назаридан фармацевтика саноатининг мақсад ва имкониятлари“ сингари мавзуларда маърузалар тингланди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА