Жорий йил 26 октябрь куни эрталаб Исроил Эрон томон аниқ ва мақсадли ҳаво зарбалари йўллаган эди. Талафот оқибати, деярли, бартараф этилган бўлса-да, Ислом Республикаси қарши жавоб зарбаси, албатта, берилишини маълум қилди. Бу ҳолат Вашингтонни ҳам чуқур хавотирга солгани табиий.
Пентагон матбуот котиби генерал Патрик Райдер кеча журналистларга “Биз вазиятни кузатяпмиз, Эрон билан қарама-қаршиликда Исроилни қўллаб-қувватлашга содиқмиз”, дея баёнот берди.
– Биз ҳар қандай вазиятга тайёр бўлишимиз керак, – деган у айни мавзудаги саволга жавоб бераркан. – Агар Эрон бирор аксил чора кўрса, Исроилни яна ҳимоя қиламиз.
Вакил, шунингдек, яқинда БМТ мудофаа вазири Ллойд Остин ва Исроил уруш вазири Ёав Галлант ўртасида Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича суҳбат ўтказганини эслатди.
Исроил Эронга ҳужум бошлагандан бери Ғарбий Осиёда кескинлик сақланиб қолмоқда. Бу ҳолат глобал миқёсда қораланмоқда.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчий Исроил тажовузидан сўнг БМТ Бош котиби, Хавфсизлик Кенгаши ва Бош Ассамблея раисига мактуб йўллаб, халқаро ҳамжамиятга Исроил қонунбузарликлари жавобсиз қолмаслиги кераклиги, Эрон халқаро ҳуқуқ ва БМТ низоми асосида ўз миллий суверенитетига қилинган ҳужумга жавоб бериш ҳуқуқини сақлаб қолишини очиқ айтган.
Мусулмон Зиё, ЎзА