Халқаро қиличбозлик федерацияси (FIE) президентлиги учун сайловлар пойтахтимиз Тошкентда ўтказилади. Бу ҳақда FIE сайтида хабар берилди. Унда айтилишича, жорий йилнинг 30 ноябрь куни Тошкентда Халқаро қиличбозлик федерацияси (FIE) Конгресси бўлиб ўтади.
Дунёнинг 100 дан зиёд мамлакатидан делегатлар иштирок этадиган конгресс давомида қиличбозлик спорт турининг халқаро майдондаги ривожи, ўтказилаётган чемпионат ва турнирлар, йил давомидаги натижалар таҳлил этилади.
Конгресснинг энг асосий тадбири – кейинги тўрт йиллик муддат учун Халқаро қиличбозлик федерацияси (FIE) президентлиги учун сайловлар ташкил этилади.
FIE президентлиги учун 103 та давлатнинг миллий федерацияси Алишер Усмонов номзодини ушбу лавозимга тавсия этган бўлса, швециялик Отто Дракенберг номзоди Швеция қиличбозлик федерацияси томонидан илгари сурилган.
Эслатиб ўтамиз, Алишер Усмонов 2008-2022 йиллар давомида Халқаро қиличбозлик федерациясига раҳбарлик қилган. Ҳозирда FIE президентлиги вазифасида грециялик Манолис Кациадакис фаолият юритмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА