Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига мувофиқ, жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрлари малака тест синовларидан ўтказилади.
Бугун Қорақалпоғистон Республикаси педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказида синов жараёнлари бошланди.
Тадбирда таъкидланганидек, янги тартибга кўра синовлар икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда мутахассислик фанидан педагогларнинг билими (билиш, қўллаш, мулоҳаза қилиш кўникмалари), иккинчи босқичда уларнинг педагогик маҳоратлари баҳоланади. Биринчи босқичда – педагогнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражаси баҳоланиб, мутахассислик фани бўйича 35 та ҳамда касбий стандартларига оид 5 та тест саволи, иккинчи босқичда – педагогик маҳоратни аниқлаш мақсадида 10 та савол-топшириқ берилади. Ҳар иккала босқич ҳам компьютерда реал вақт режимида (онлайн) ўтказилади.
Белгиланган мезонлар асосида 56 та мутахассислик фани бўйича 3 та (ўзбек, рус, қорақалпоқ) тилда, бошланғич синф ўқитувчилари учун 5 та (ўзбек, рус, қорақалпоқ, туркман, қозоқ) тилда ўтказилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мутасаддиларининг таъкидлашича, тест синовларида 13 минг 609 талабгор педагогнинг иштироки кутилмоқда.
Айтиш лозим, таълим сифатини оширишда ўз устида тинимсиз ишлайдиган, билими ва тажрибаси юқори бўлган ўқитувчиларнинг ўрни беқиёс. Ушбу аттестация синовлари айнан ана шундай малакали ўқитувчилар сонининг ортиши ва бунинг натижаси ўлароқ, мамлакатимизда таълим сифатининг ошишига хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.