Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этилган барча 654 та сайлов участкасида овоз бериш Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари билан бошланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказининг маълум қилишича Оролбўйи ҳудудида жами 1 миллион 5 минг 567 нафар сайловчи рўйхатга олинган. Шундан 16-23 октябрь кунлари 19 минг 798 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берди. Сайлов кунигача 18 ёшга тўлган 44 минг нафардан зиёд ёш Конституцияда белгиланган сайлаш ҳуқуқидан фойдаланиб, илк маротаба овоз беради.
– Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари шаҳар Кенгашига депутатлар сайлови байрамона руҳда давом этмоқда, – дейди Нукус шаҳридаги 20-участка сайлов комиссияси раиси Айдар Қайипбергенов. – Ҳудудимизда 2 минг 33 нафар сайловчи рўйхатга олинган бўлиб, шундан ҳозиргача 81 нафари овоз берди. Шунингдек, 44 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берди. Сайлов участкамизда биринчи марта овоз берувчилар 44 нафарни ташкил этади. Кекса ёшли, бетоблиги бўлган ёки бошқа сабабларга кўра сайлов участкасига кела олмайдиган 20 нафар сайловчи уйда туриб овоз беради.
Оролбўйидаги сайлов участкаларида сайловчиларнинг овоз бериши учун барча қулайлик яратилган. Ҳозирда, овоз бериш юқори кўтаринкилик билан давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат, видео), ЎзА.