Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалида “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий Кенгашларга депутатликка номзодларнинг сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Унда бошланғич партия ташкилотлари вакиллари, ўқитувчи ва талабалар, партияга хайрихоҳ ёшлар, хотин-қизлар, сайловчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш, уни келажак авлодларга бешикаст етказиш, халқимизнинг миллий урф-одат, анъана ва қадриятлар, кўп асрлик тарихини чуқур ўрганиш, тарғиб этиш, ҳар бир ватандошимиз онгида ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш ва мустаҳкамлаш партиянинг устувор вазифалари ҳисобланади. Бош мақсад – қудратли давлатга таянган, қонунлари миллий ва умуминсоний қадриятларга уйғун, инсон қадри баланд, фаровон жамият қуришдир.
– Биз учун “Қадрият” – миллий урф-одат, анъана ва кўп асрлик тарихимизни чуқур ифодаси, воқеликдаги муайян ҳодисаларнинг умуминсоний, ижтимоий-ахлоқий, маданий-маънавий аҳамиятини кўрсатиш воситасидир, – деди партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Тажибай Романов. – “Тараққиёт” эса ривожланишнинг оддийдан мураккабга, қуйидан юқорига йўналган шакли бўлиб, жамият ва давлат ривожининг юксалишини ифодалайдиган, инсон тафаккурини улғайиш, янгиланиш ҳамда тикланиш йўналишидир.
Партия учун энг устувор масала, шубҳасиз, бу – тарбия. Янги дастурда ҳам ана шу ғоядан келиб чиқиб, баркамол авлод салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида бугун Янги Ўзбекистонда тарбия ва таълим, яъни мактабгача ва мактаб, олий таълим масалаларига устуворлик берилган. Шунингдек, партия дастурида миллий маданият ва маънавиятни ривожлантириш, қадриятларни сақлаш, Ўзбек тилнинг давлат тили мақомини ошириш, оилани мустаҳкамлаш, аёллар ва ёшларга муносиб шароитлар яратиш бўйича ҳам қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилган.
Учрашувда Қорақалпоғистон Республикасидан Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларга кўрсатилган бошқа номзодлар ҳам сўзга чиқиб, ўз сайлов ҳудуди шарт-шароити ва аҳоли мурожаатларидан келиб чиқиб тайёрлаган сайловолди дастури билан таништирди. Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бу, албатта, халқнинг фаровонлигини ошириш, мамлакатни ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши орқали одамларни рози қилишдир.
“Миллий тикланиш” номзодларининг асл мақсади ҳам Янги Ўзбекистон ислоҳотларида фаол қатнашиб, халқимиз билан ўзаро яқинлашиш, уларнинг дарди, ташвишлари билан яшаш, сайловчилари ишончини оқлашдир. Шунинг учун, ҳуқуқ ва имтиёзлардан шахсий манфаатлари йўлида эмас, азиз сайловчилари манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида фойдаланиш, муаммолар ечим топишида давлат ва халқ ўртасида ишончли вакил бўлишдир.
Учрашувда турли соҳа вакиллари ҳам сўзга чиқиб, келажакда халқимизнинг орзу-умид ва интилишларини рўёбга чиқариш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда бу йўлда елкама-елка ҳаракат қилишига ишонч билдирдилар ва барчани 27 октябрда ўтадиган сайловларда “Миллий тикланиш” демократик партиясидан кўрсатилган номзодларга овоз беришга чақирди.
Тадбирдан сўнг Нукус шаҳридаги “Каттагар” маҳалла фуқаролар йиғинида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлигига номзодлар, Ёшлар ва Аёллар қаноти фаоллари уйма-уй юриб, сайловчиларга партиянинг мақсад ва ғоялари акс этган материалларни тарқатди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.