Тошкентда “Давлат хизматчиларининг салоҳиятини ошириш дастури”нинг иш бошлашига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва Корея ҳамкорлигида ишлаб чиқилган мазкур лойиҳа мамлакатимизда давлат хизматини модернизация қилишга кўмаклашиш, кадрлар салоҳиятини бошқариш ва ривожлантириш (HRM) бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, пилот вазирликларда бизнес жараёнларининг реинжинирингини (BPR) ўтказишга йўналтирилган.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги раҳбарияти, Корея Давлат бошқаруви институти (KIPA) масъуллари, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг Ўзбекистондаги офиси ва Кореянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, “Давлат хизматчиларининг салоҳиятини ошириш дастури” номли Q-DEEP лойиҳаси иштирокчилари, вазирлик ва идораларнинг инсон ресурсларини бошқариш бўлинмалари раҳбарлари қатнашди.
Таъкидлаш керакки, Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёлнинг 2024 йил 13-15 июнь кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Корея Персонални бошқариш вазирлиги ўртасида давлат хизматчилари салоҳиятини ошириш ҳамкорлик режаси бўйича Битим имзоланган эди. Белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан биргаликда “Давлат хизматчиларининг салоҳиятини ошириш дастури” номли Q-DEEP лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳанинг иш бошлашига бағишланган тадбирда Агентлик директори ўринбосари А.Муҳитдинов Ўзбекистонда сўнгги йилларда давлат фуқаролик хизмати соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилган ютуқлар, халқаро ҳамкорлик масалалари ва мазкур лойиҳанинг истиқболлари ҳақида сўз юритди.
“Давлат хизматчиларининг салоҳиятини ошириш дастури” номли Q-DEEP лойиҳаси раҳбари Жеонг Сеок Канг давлат хизматини ривожлантириш соҳасида ўзаро билим ва тажриба алмашиш муҳимлигини таъкидлади. Бу жараёнда нафақат Корея Республикаси тажрибасини ўзбекистонлик мутахассисларга ўргатиш, балки корейс томонининг ҳам соҳада Ўзбекистон томонидан эришилаётган ютуқ ва тажрибаларни ўрганишга эҳтиёжи борлигини қайд этди.
Маросим давомида лойиҳани амалга ошириш режаси муҳокама қилинди. Сессияларда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолияти, Ўзбекистонда инсон ресурсларини бошқариш тизимининг жорий ҳолати, Кореянинг инсон ресурсларини бошқариш тизими, ташкилий диагностика воситалари ва улардан фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Маълумот учун: “Давлат хизматчиларининг салоҳиятини ошириш дастури” 7 ойга мўлжалланган. 2025 йилнинг апрел ойида якунланиши режалаштирилган лойиҳа давомида тадқиқотлар асосида инсон ресурсларини бошқариш моделини ишлаб чиқиш, BPR таҳлилини қилиш учун сўровнома тузиш, HRM ва BPR моделини синовдан ўтказиш кўзда тутилган.
Севара Закирова,
Президент ҳузуридаги
Давлат хизматини ривожлантириш
агентлиги
Ахборот хизмати раҳбари