Мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, дунёдаги илғор методларни таълим тизимига кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Бу борада Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек каби улуғ аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш, илмий асарларидан фойдаланиш асосида изланишлар олиб бориш, соҳани хорижлик етук олимлар билан ҳамкорликда таҳлил этиш илм-фанда янги ютуқларга эришишга пойдевор бўлиши шубҳасиз.

Шу кунларда Ўзбекистон Миллий университетида Франция, Россия, Туркия, Саудия Арабистони, Миср, Польша, Япония, Малайзия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакатларнинг олимлари иштирокида ўтказилаётган “Амалий математика ва ахборот технологияларининг долзарб муаммолари – Ал-Хоразмий-2024” мавзусидаги IХ халқаро илмий-амалий конференциясида ҳам айни масалалар кўриб чиқилмоқда.

Конференция давомида Мусо ал-Хоразмий ва Мирзо Улуғбекнинг бой меросини ўрганиш, тарғиб қилиш, математика, амалий математика, сунъий интеллект ва нейрон турлари, ахборот хавфсизлиги, компьютер лингвистикаси ҳамда таълим соҳаларида олиб борилаётган тадқиқот ва илмий изланишлар хусусида сўз юритилмоқда. Олимларнинг мавзу юзасидан маърузалари тингланмоқда.

Жаҳоннинг етук олимлари йиғилган тадбирда фидокорлиги, касбий маҳорати билан эл-юрт ўртасида ҳурмат қозонган профессор Мирсаид Орипов 85 ёшлик юбилейи муносабати билан “Олий таълим аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Ёш олимлар иштирокидаги илмий конференция 11 та шўъбага бўлинган ҳолда иш олиб бормоқда.

Т.Рўзиев, ЎзА