Бош прокуратурада “Иқтисодий судларда прокурор иштирокининг янги босқичи ва қонунларни амалиётга қўллаш масалалари” мавзусида онлайн семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Унда Бош прокуратура тегишли бошқармаси ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси, Транспорт, Тошкент шаҳри ва вилоятлар прокурорларининг соҳавий ўринбосарлари, туман (шаҳар) прокурорларининг соҳавий ўринбосарлари ва бошқалар иштирок этди. Шу билан бирга, тадбирда Олий суднинг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари ҳамда ҳудудий студияларидан вилоят ва туманлараро иқтисодий суд судьялари ҳам қатнашди.
Маълумки, жорий йил 30 сентябрда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди. Қонун билан Иқтисодий процессуал кодексга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қайд этиш лозимки, қонунчиликда судларда иқтисодий ишлар кўрилишида прокурорлар давлат манфаатларига оид айнан қандай тоифадаги ишлар кўрилишида иштирок этиши аниқ белгиланмаганлиги амалиётда суд муҳокамаларида прокурор иштирокини таъминлашда муаммоларни келтириб чиқарган.
Хусусан, Иқтисодий процессуал кодекснинг 49-моддасида прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкинлиги белгиланиб, лекин бирорта қонунда прокурор қайси тоифадаги иқтисодий ишларда иштирок этиши шартлиги назарда тутилмаган ҳамда давлат манфаатларига тааллуқли айрим тоифадаги ишлар эътибордан четда қолган.
Янги қонун билан қонунчиликдаги ушбу бўшлиқ ва номутаносибликлар бартараф этилди. Эндиликда ушбу қонун билан судларда давлат манфаатига оид айнан қайси ишларнинг кўрилишида прокурор иштирок этиши аниқ белгиланди.
Шунингдек, прокурорнинг иштирок этиши назарда тутилган ишлар бўйича прокурор суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида белгиланган тартибда хабардор этилмаган бўлса, прокурор ушбу ишларни суддан талаб қилиб олиб ўрганиши ҳамда улар бўйича протест келтириши мумкин.
Семинар-тренингда маърузачилар юқоридаги прокурор иштирок этиши мумкин бўлган тоифалар ҳамда ушбу ишларнинг кўрилишида прокурор эътибор қаратиши лозим бўлган ҳолатларга батафсил тўхталиб ўтди.
Н.Абдураимова, ЎзА