“Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида ўз ишини бошлаган ушбу форумда маҳаллий ва хорижий экспертлар, мутахассислар иштирок этди.
Форум очилишида Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Урол Юсупов, “UzAssets” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Адам Илкевичус ва бошқалар дунёда тоғ-кон саноатининг барқарор ривожланиши минтақавий ва халқаро ҳамкорликка чамбарчаc боғлиқ бўлиб, ушбу форум бу борадаги алоқаларда амалий самара беришини таъкидлади.
Бу йил олтинчи бор ўтказилаётган Ўзбекистон халқаро кон-металлургия форуми тоғ-кон саноати ва металлургиянинг келажакдаги ландшафтини муҳокама қилиш ва моделлаштириш учун мустаҳкам платформа бўлган кон саноатининг йиллик йирик бизнес тадбири ҳисобланади. Унда Ўзбекистон, Австралия, Австрия, Буюк Британия, Германия, Канада, Польша, Россия, Франция, Хитой, Швейцария каби давлатлардан мутахассислар ва экспертлар ушбу соҳаларни ривожлантириш йўлида ўзаро тажриба алмашмоқда.
–Айтиш жоизки, мамлакатимизда ер қаърини комплекс геологик ўрганиш, узоқ истиқболга мўлжалланган минерал хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш дастурларининг самарали бажарилишини таъминлаш, ер ости бойликларидан оқилона фойдаланиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу эса тармоқ фаолиятини тизимли ташкил этишда амалий аҳамият касб этяпти. Шу билан бирга, бугунги кунда соҳага оид муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий база яратилиб, у доимий такомиллаштирилмоқда. Мазкур ҳужжатлар билан тоғ-кон саноати ва геология соҳасини бошқариш, шу жумладан, минерал хомашё базасини кўпайтириш ва ер ости бойликларидан самарали фойдаланиш масалалари тартибга солиняпти. Ташкил этилган форум конларни қидириш, разведка қилиш ва ўзлаштириш, шунингдек, минерал хомашёни янада самарали қайта ишлаш бўйича илғор технологиялар ва муҳандислик ечимлари бўйича томонлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишда муҳим қадамлардан биридир, –деди Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги бошқарма бошлиғи Мақсуд Болибеков.
Таъкидланганидек, мазкур форум долзарб ва илғор мавзулар, профессионал муҳокамалар ва муҳим бизнес учрашувларига бой. Унда иштирокчилар халқаро ва минтақавий ҳамкорлик тамойиллари, муҳим ресурслар кун тартиби, кон саноатидаги рақамли ечимлар, конларни қидириш, разведка қилиш ва ўзлаштириш геотехнологияси каби мавзуларда фикр алмашди.
Форум доирасида саноат ҳамкорлигининг миллий ва минтақавий тамойиллари масалаларига бағишланган ялпи сессия ҳам ўтказилди. Унда Ўзбекистоннинг тоғ-кон секторида кооперация ва экспортни яхшилашнинг устувор йўналишлари ҳамда саноатни жадал ривожлантириш бўйича минтақавий ва давлат чора-тадбирлари ҳақида сўз борди.
Шунингдек, “Women in Mining” деб номланган махсус сессия ишида тоғ-кон саноатидаги аёлларнинг роли, уларнинг саноатга қўшган ҳиссаси, компаниялар самарадорлигига таъсири ва гендер тенглиги масалаларига урғу берилди.
Эртага бўлиб ўтадиган форумнинг иккинчи кунида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, корхоналарни рақамлаштириш, илмий инновациялар ва узоқ муддатли инвестицион лойиҳалар муҳокама қилинади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА