Таълим тизимини такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва инновацион ғояларни амалга оширишда мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик катта аҳамиятга эга. Айниқса, ҳар бир мамлакат ўзининг таълим ва илмий тадқиқотларидаги муваффақиятларини бошқаларга тақдим этиш орқали умумий билим ва тажрибани бойитади.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммадали Искандарий билан учрашди. Мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва ҳамкорлик масалалари эътироф этилди.
Ўзбекистонда фан ва технологиялар ривожи, илмий-тадқиқот соҳасидаги ютуқлар ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида эришилган натижалар таъкидланди. Айниқса, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, иқлим ўзгариши, сув тежамкорлиги ва ирригация технологиялари йўналишларида олиб борилаётган тадқиқотлар ҳамда амалий лойиҳалар танлови ютуқлари қайд этилди.
Икки давлат олимлари ўртасида қўшма илмий лойиҳаларни давом эттириш ва ёш олимлар алмашинуви муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, Ўзбекистонлик ёш олимлар учун Эроннинг илғор олий таълим ва илмий муассасаларида қисқа муддатли стажировка дастурларини давом эттириш, халқаро илмий форумлар ва конференцияларда биргаликда иштирок этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Элчи Муҳаммадали Искандарий технологиялар, олий таълим ва илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш муҳимлигини айтиб, бу таклифларни амалга оширишда ўзаро саъй-ҳаракатларни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, Теҳронда ўтказиладиган халқаро кўргазмада Ўзбекистон вакилларини иштирок этишга таклиф этди.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА