Ҳозирда автомашинали бўлиш истагида бўлган фуқароларга банклар томонидан узоқ муддатга бўлиб тўлаш шарти билан автокредитлар ажратилмоқда.

Лекин, ушбу ажратилган кредит пулларини белгиланган муддатда қайтармаслик салбий ҳолатни келтириб чиқармоқда. Хусусан, Фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманлараро судининг 2024 йил 3 июндаги ижро ҳужжатига асосан кредит қарзини ўз вақтида қайтармаган қарздор М.Ф. дан “Капиталбанк” акциядорлик-тижорат банки фойдасига 278,4 миллион сўм ундириш, уни эса кредитга олинган CAPTIVA русумли автотранспорт воситасига қаратиш белгиланди.

Мажбурий ижро бюроси Беруний туман бўлими томонидан қарздорга тегишли бўлган, ундирув қаратилиши белгиланган автомашина тегишли тартибда хатловга олинди. Шунга қарамасдан, кредит қарздорлиги бартараф этилмаганлиги сабабли, хатланган автомашина электрон онлайн аукцион савдо майдони орқали сотувга чиқарилди.

Ўтказилган аукцион савдоларида CAPTIVA автомашинаси 244,2 миллион сўмга сотилиб, ундан тушган пул маблағи банк фойдасига ўтказилди.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири.