Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманидаги Қаратерен кўли бўйида янгидан барпо этилган этно-туристик мажмуанинг тантанали очилиш маросими ўтказилди.

“Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида ўтказилган тадбирда чет элдаги ватандошларимиз ва қўшни вилоятлардан келган меҳмонлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб мажмуада барпо этилган амфитеатрда Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиали симфоник оркестри томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни янги қуриб битказилган этно-туристик мажмуанинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан қутлади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда катта ўзгариш ва янгиланишлар амалга оширилмоқда. Бу борада туризмни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, кенг кўламли чоралар амалга оширилмоқда.

Қаратерен кўли атрофи ва яқин қишлоқлар кўп йиллардан буён ижтимоий объектлар, уй-жойлар, инфратузилма объектлари яроқсиз ҳолга келиб қолган, ҳудудда ишсизлик одамларни қийнаётган энг катта муаммолардан бирига айланган эди. Бугунги кунга келиб, атрофдаги қишлоқлар обод қилиниб, янги иш ўринлари яратиш, фуқароларнинг турмуш фаровонлигини таъминлаш бўйича ишлар давом этмоқда.

Янгидан қад ростлаган сайёҳлик манзили 30 миллиард сўмлик маблағ эвазига қуриб битказилди. Аҳоли ҳамда меҳмонларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун барча қулай шароит яратилди. Очилиш маросимида юртимиз ривожи йўлида муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ ватандошлар муносиб тақдирланди.

Бундан сўнг турли миллат вакилларининг миллий урф-одат ва анъаналари мужассам этилган театрлаштирилган композициялар намойиш этилди. Қорақалпоқ, ўзбек, қозоқ, туркман халқларининг миллий анъаналарининг намуналари очилиш маросимининг чин маънода гултожи бўлди десак, адашмаган бўламиз. Бу орқали турли халқларнинг миллий ўзига хос урф-одатлари ва маросимлари билан бир қаторда, халқлар дўстлиги, миллатлараро тотувлик намунаси кўрсатилиб, бу ўз навбатида тадбирга ўзига хос завқ бағишлади.

Очилиш маросими доирасида Орол балиқларидан 99 хил таом, турли миллат вакилларининг кўргазмалари, тасвирий санъат намуналари, театрлаштирилган хореографик концерт дастури намойиш этилиб, бу ўз навбатида меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.