Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигига

Термиз шаҳрида Тошкент ва Хива шаҳарларида ўтказилган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзуидаги халқаро илмий-амалий конференция доирасида жорий йилнинг 17-18 октябрь кунлари “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзуига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2024 йил 15 августдаги “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган нуфузли тадбир Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ташқи ишлар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимиз, хусусан, Сурхондарё вилоятида яшаб, ислом дини тамаддунига катта ҳисса қўшган буюк аждодларимиз –кўплаб алломалар, жумладан, Имом Термизийнинг бебаҳо меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, муқаддас хотирасини эъзозлаш, табаррук қадамжоларини обод этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги Имом Термизий мажмуаси тубдан янгиланиб, обод гўшага айлантирилди. Ҳаким Термизий мажмуасида ҳам зиёратчилар учун барча қулайлик яратилди. Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Ислом институти ташкил этилди. Юз бераётган бундай ўзгаришлар ислом маърифатию маънавиятини, инсонпарварлик, меҳр-оқибат, ҳурмат-эҳтиром каби эзгу ғояларни ёш авлод онгу шуурига сингдиришда муҳим омил бўлади. Ёшларни ёт ғоялардан асраб, муқаддас ислом динининг асл амалларини тасаввур этишига ёрдам беради.

Конференцияда қатнашган дунёнинг ўнга яқин давлатидан дин арбоблари, нуфузли таълим муассасалари олимлари, муфтийлар, таниқли уламолар, илмий тадқиқотчилар илмий-амалий анжуман ва ялпи мажлис ҳамда шуъба йиғилишларида Имом Термизий, Ҳаким Термизий ва бошқа буюк термизий алломалар меросига чуқур эҳтиром кўрсатишди. Ул зотларнинг нодир асарларини ўрганиб, тадқиқ этиш ва улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш ҳозирги мураккаб дунёда ёшларни миллий қадриятларга хос тарбиялашга хизмат қилажагини қайд этишди. Давлатимиз раҳбари бундай эзгу ва хайрли ишлар ташаббускори бўлаётганини алоҳида эътироф этиб, мамлакатимизда шу мавзуда ўтказилаётган анжуманларга юқори баҳо беришди.

– Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари ғояси билан Ўзбекистонда диний-маърифий, хусусан, ислом илмлари соҳасида жуда катта янгиликлар, яхшиликлар амалга оширилмоқда, – дейди Халқаро мусулмон уламолар кенгаши раиси Али Муҳйиддин Қорадоғий. – Бугунги қалтис шароитда диний ва дунёвий мувозанатни ушлаш анчайин мураккаб иш. Мана шу масалани чиройли енгиб ўтиш, амалга ошириш мумкинлигини Ўзбекистон мисолида яққол кўриш мумкин. Албатта, бу сиёсатни юритиш ҳам осон эмас. Лекин шу мўътадил сиёсатни Ўзбекистон Президенти юритаётганини барчага ва барча давлатларга ўрнак қилиб кўрсатса арзийди. Қадим тарихий манбаларни тадқиқ қилиш, ундаги эзгу ғояларни нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон оммасига етказишда бундай нуфузли анжуманларнинг ўрни ниҳоятда беқиёсдир.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларда чуқур маъно бор. Зеро, ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл мазмун-моҳиятини, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини, Ватанимиздан етишиб чиққан улуғ мутафаккир зотлар меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиб, кенг тарғиб қилиш фарзандларимизни ёшликдан юксак инсоний ғоялар ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида улғайтиришга кўмаклашади. Яхшини ёмондан, фойдани зарардан, савобни гуноҳдан, роҳату фароғатни азобдан, тежамкорликни исрофгарчиликдан, камтарликни кибру ҳаводан, ҳалолни ҳаромдан, одобни одобсизликдан, ахлоқни ахлоқсизликдан, мардни номарддан, меҳр-шафқатни бераҳмликдан, саховатни хасисликдан, сабру қаноатни сабрсизликдан, ишқ-муҳаббатни ишқсизликдан ажратишга ўргатади.

Ватанни севишни беватанликдан, аёлларга иззат-икром кўрсатишни ҳурматсизликдан, ҳалимликни қаҳр-ғазабдан, илму маърифатни илмсизлигу жаҳолатдан устун қўйишга даъват этади.

Конференцияда қатнашиб, буюк аждодларимиз ўтмишда инсониятнинг тинч, покиза, ҳалол ва беозор яшашида барча замонлар учун бирдек қадрли таълимотни яратиб кетганидан фахр ҳиссини туйдим. Бундай туйғу фақат менда эмас, анжуманга узоқ- яқиндан келган барча иштирокчилар қалбида мавж урганини ҳис этгандек бўлдим.

– Мен Термизийлар асарларини тадқиқ этаман, – дейди Сулаймон Демирал университети илоҳиёт факультети профессори, доктор Ҳадиже Токсўз. – Ўзбекистонга келишни жуда истар эдим. Ҳаким Термизий асарларида илоҳий ишқ мавзуида изланиш олиб бораман. Мени у зотнинг ҳаёти ҳайратда қолдиради. Шу ерда буюк аллома ҳаётига оид битта мисол келтираман: Ҳаким Термизийнинг илм-фанни ўзлаштиришига ҳадисшунос олим бўлган онаси жуда катта ёрдам берган. Ўрганиш чоғида мутафаккир оиласида садоқат, вафо ва меҳр-муҳаббат унинг турмуш ўртоғи билан муносабатларида ҳам яққол кўзга ташланади. Турмуш ўртоғи Ҳаким Термизийни ҳар қандай вазиятда ҳам қўллаб-қувватлаган. Манбаларда турмуш ўртоғи Термизий ҳақида кўрган тушларини таъбир қилиб бергани қайд этилган. Бунинг диққатга сазовор жиҳати шундаки, бу тушлардан буюк олим тўғри хулоса чиқариб, илм йўлида оғишмай ҳаракат қилган. Бу жуда гўзал ҳаёт. Оиладаги соф муҳаббат ва садоқат турли ахборот хуружлари авж олган бизнинг давримизда ҳам улуғлашга арзийдиган фазилатдир. Бу ҳақдаги ҳайратланарли фикрларимни анжуманнинг шуъба йиғилишида “Ҳаким Термизий наздида “муҳаббат” тушунчаси” мавзуидаги маърузам орқали тақдим этдим.

Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллик юбилейи муносабати билан пойтахтимиз ва Термиз шаҳридаги нашриётларда термизий алломаларнинг кўплаб нодир асарлари чоп этилди. Термиз шаҳридаги “Китобнашр” нашриёти “Сунани термизий шарҳи” китобининг тўрт жилдини, Абу Жаъфар Термизийнинг “Тафсир” китобини нашр этди. Ёш авлодга Холид ибн Зиёд Термизий, Мунжик Термизий, Саййид Али Термизий, Муҳаммад ибн Ҳомид Термизий, Муҳаммад Солиҳ Кашфий Термизий каби алломаларнинг асарлари совға қилинди. Эндиликда китобсеварлар жавонидан Ҳаким Термизийнинг “Қуръоннинг сермаъно сўзларини англаш”, “Намоз ва унинг мақсадлари” асарлари ҳам жой оладиган бўлди.

Анжуманнинг шуъба йиғилишларида Имом Термизий, Ҳаким Термизий ва бошқа термизий алломаларнинг ҳаёти, илм йўлидаги машаққатли меҳнати, илмий асарлари хусусида бир-биридан сермазмун, қизиқарли, таъсирли  маърузалар тингланиб, муҳокама этилди. Имом Термизий ҳадис, Ҳаким Термизий ирфон илми билимдони сифатида ислом умматига ҳамон маърифат улашаётгани таъкидланди. Таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Халқаро илмий-амалий конференция қатнашчилари Термиз туманидаги Ҳаким Термизий, Шеробод туманидаги Имом Термизий мажмуаларида бўлиб, ул буюк зотлар мангу қўним топган сокин гўшаларда Қуръон тиловат қилишди. Зиёрат доирасида ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ аждодларимиз ҳақида берилган маълумотлар хорижлик меҳмонларда янада бой таассурот уйғотди.

Анжуман доирасида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида Имом Термизий ва термизий алломаларнинг янги нашр этилган китоблари ҳамда нодир асарлари нусхалари кўргазмаси ташкил этилди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири