– У ҳар куни Исроил газеталарини ўқирди ва ўзларидан ҳам яхшироқ тушунарди, – деди эксперт “Sky News” нашрига. – Шунинг учун у 2023 йил октябрь ойида ҳарбий амалиётни жуда самарали амалга ошириб, рақибни алдаш ва эҳтиёткорона тутиш қобилиятини намоён этди.
Яҳё Синвар 2017 йилдан буён Ғазода ХАМАСга раҳбарлик қилган, гуруҳ сафига ўтган аср 80-йиллари бошида қўшилган. Июль ойида Теҳронда Исмоил Хания ўлдирилгач, Синвар унинг ўрнига сиёсий бюро раҳбари этиб тайинланди ва бутун гуруҳ устидан назорат ўрнатди. Яҳё Исроилда энг кўп қидирилаётган – “юраётган ўлик одам” эди. Бир пайтлар уни бункерда “ўраб олинган ва изоляция қилинган” дея даъво қилган Бош вазир Биньямин Нетаньяху.
Минтақада сўнгги кескинлик бошланганига бир йилдан ошди. 17 октябрь куни Исроил мудофаа кучлари “Ёвузлик юзи”, “Хон Юниснинг қассоби” лақаблари билан танилган шахс ўлдирилганини тасдиқлади.
Яҳё Синвар 1962 йил Ғазо жанубида, Хон Юнис шаҳридаги қочқинлар лагерида туғилган. 1978 йил икки киши томонидан ташкил этилган Ғазо Ислом университетида араб тилини ўрганган. Уламо Шайх Аҳмад Ясин ва Маҳмуд Аз-Заҳар 1987 йил “Мусулмон биродарлар”нинг Ғазодаги сиёсий бўлиниб кетган гуруҳи сифатида ХАМАСга асос солган. Яҳё айниқса Ясин билан яқин эди. Исроил хабарларига кўра, Синвар исроилликлар билан ҳамкорлик қилишда гумонланганларни ўлдириш учун Ясин унга фатво (ислом қонунчилигидаги ҳукм) берганини айтади. У биринчи марта 1982 йил қўпорувчилик фаолияти учун ҳибсга олинган. Қамоқхонада ХАМАСнинг бошқа муҳим аъзолари, жумладан ўзининг ҳарбий қаноти Қассам бригадалари собиқ раҳбари Салоҳ Шиҳод билан учрашган. 1985 йил ҳибсга олиниб, яна қамоққа ташлангач, у ХАМАСнинг ички хавфсизлик бўлими – Мажид Форcга масъул этиб тайинланган.
Синвар 1988 йил турмада Исроил мудофаа кучлари икки аскарини ўғирлаб кетиш ва ўлдиришга ёрдам берган. Натижада у Исроил қамоқхонасида 22 йилга ҳукм қилинган. Ҳибсда Яҳё вақтни ўз фойдасига ишлатди – душманини яхшироқ тушуниш учун иброний тилини мукаммал ўрганди ва Исроилдаги ХАМАС асирлари раҳбари бўлишга ҳаракат қилди. Қамоқдан чиққач, Исроил телевидениесига чиқиш қилди ва иброний тилида гапириб, ХАМАС билан сулҳ тузишга чақирди. У 2011 йил 1000 дан ортиқ фаластинлик асирни гаровга олинган биргина исроиллик аскар Гилад Шалитга алмаштириш доирасида озод этилган эди.
Синвар қамоққа олиниши ҳақида шундай деган: Улар қамоқхона биз учун қабр, иродамиз ва танамизни майдалайдиган тегирмон бўлишини хоҳладилар, аммо биз ўз ишимизга ишончимиз билан қамоқхонани ибодатхона ва ўқиш учун академияга айлантирдик.
Ўз укасини дафн этишга мажбур бўлгач, у Ғазога қайтиб ХАМАСнинг энг юқори минбарларида таъсирини ошириб борди.
Фаластин тарихидаги афсонавий шахс
АҚШ ҳукумати томонидан террорчи, деб топилган Яҳё Синвар 2017 йил бошида Ғазодаги ХАМАС етакчиси сифатида Ханияни алмаштирган ва 2021 йил қайта сайланган. Кейинроқ суиқасддан омон қолган. Уч йилдан сўнг Теҳронда Хания ўлдирилгач, яна бир бор сиёсий раҳбар бўлди. Етакчи сифатида Исроил чегарасида норозилик намойишлари ва ракета зарбаларини кучайтириб, гуруҳнинг куч ишлатиш усулини ёқлади. Ҳарбий билими билан у ХАМАСнинг қуролли ва сиёсий қанотларини бирлаштира олган шахс сифатида кўрилган.
Доктор Брегман Синварни камгап одам, табиий лидер, харизматик, яширин ва манипуляция қилувчи, дея таърифлаб, 7 октябрь хуружининг меъмори сифатида у 1948 йил Исроил давлати барпо этилгандан бери яҳудийлар бошига энг даҳшатли фалокат келтирган шахс сифатида ёдда қолади, – дея қўшимча қилди.
Исроил бош ҳарбий воизи, контр-адмирал Даниэль Хагари ҳам 7 октябрдаги ҳужумда Синварни айблади. Унинг усуллари “варварлик” бўлса-да, доктор Брегманнинг фикрича, Фаластин нуқтаи назарида, улар ҳозир тўлаётган даҳшатли баҳога қарамай, буюк ғалаба сифатида кўрилади. Синвар Фаластиннинг буюк раҳбарлари ооасида ўз ўрнини топди. Бинобарин, Ғазодаги одамлар гувоҳлиги шуни кўрсатадики, Яҳёнинг зўравонлик усуллари туфайли ХАМАСдан кўпчиликнинг кўнгли қолган.
Шунга қарамай, у Фаластин тарихида афсонавий шахс сифатида қолишига шубҳа йўқ.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА