Самарқандда Қатар фуқаро авиацияси бошқармаси (ҚCАА) Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлатлари фуқаро авиацияси масъуллари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда авиация соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш ва келажакдаги стратегик шериклик масалалари юзасидан фикр алмашилди. Давлатлар ўртасида мунтазам қатновларни йўлга қўйиш ва йўловчиларга юқори сифатли, хавфсиз хизмат кўрсатиш бўйича биргаликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Самарқанд учрашувлари доирасида “Ўзавиация” агентлиги ва Қатар давлати авиация маъмурияти вакилларининг ўртасида икки томонлама учрашув ҳам бўлиб ўтди.
Мулоқотда томонлар инспекторларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, халқаро ҳаво транспортини ривожлантириш, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, ИКАО аудитига тайёргарлик кўриш, ўтказиш бўйича тажриба алмашиш ва ҳамкорлик масалалари бўйича келишиб олдилар.
Шунингдек, томонлар Ўзбекистон вакилларининг Қатар ҳукуматининг грант дастурлари асосида метеорология, ҳаводаги ҳаракатни бошқариш, учувчилик ва муҳандислик йўналишларида авиация мутахассисларини тайёрлаш дастурларида иштирок этиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири