ФОТОРЕПОРТАЖ

Нукусда Фуқаролик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш маркази Қорақалпоғистон ҳудудий бўлими томонидан “Оиладаги зўравонлик – оммавий ахборот воситалари вакиллари нигоҳида” мавзусида форум ўтказилди.

Тадбир Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси молиялаштиривуда “NIHOL” ҳамда “Equality Now” марказлари қўллаб-қувватлашида “Ўзбекистонда гендер тенгликни илгари суришда фуқаролик жамиятлари ролини кучайтириш ҳамда барқарор ҳамкорликни йўлга қўйиш” лойиҳасининг Ўзбекистонда жинсий зўравонлик муаммоси тўғрисида Адвокацион компания доирасида ташкил этилди.

Фуқаролик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш маркази Қорақалпоғистон ҳудудий бўлими директори, лойиҳа раҳбари Гулсара Жоллибекова мавзу юзасидан тақдимот қилиб, бу борада амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Таъкидланганидек, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида Қорақалпоғистонда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган йили оилавий зўравонликка учраган 652 нафар хотин-қиз ҳимоя ордери асосида реабилитация марказларига жойлаштирилган.

Форумда давлат бошқарув органлари, маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан оилавий зўравонликнинг олдини олиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Якунда “Оиладаги зўравонлик – оммавий ахборот воситалари вакиллари нигоҳида” танлови ғолиблари ташкилотчилар томонидан тақдирланди.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА