Шу кунларда мамлакатимиздаги халқ манфаатларини юксалтиришга қаратилган сайловолди кампанияси доирасидаги тарғибот-ташвиқот ишлари сиёсий партиялар томонидан фаол олиб борилмоқда.
Бу жараёнда “Адолат” СДП ўзининг барқарор ғоялари ва янги сайловолди дастури орқали аҳоли билан яқин алоқани мустаҳкамлаб, адолат ва тенглик устуворлигини таъминлашга қаратилган фаолиятини янада кучайтирмоқда. Айни кунларда партия етакчиси Робахон Маҳмудованинг турли ҳудудларда бўлиб, тиббиёт ва таълим соҳаси вакиллари ҳамда сайловчилар билан ўтказаётган учрашувлари бунга ёрқин мисолдир.
Партиянинг асосий мақсади – ҳар бир фуқаронинг манфаатларини ҳимоя қилиш эканидан келиб чиқилса, бу учрашувлар фуқаролар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш имконини беради. Энг муҳими, шу орқали партия аҳоли билан яқин алоқа ўрнатиш, уларнинг ҳақиқий эҳтиёжларига асосланган қарорларни қабул қилишида ёрдам беради. Фуқароларнинг фикр ва таклифлари партиянинг сиёсатини самарали шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга. Устувор режа ва мақсадлар доирасида Қорақалпоғистон Республикасида Сиёсий Кенгаш раисининг сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашуви таълим ва тиббиёт соҳалари вакилларига бағишлангани ҳам бежиз эмас. Чунки партия фаоллари, электорат вакилларининг муаммолари ва таклифлари билан ишлаш, фикрларини тинглашга жамият равнақининг асосий мезони сифатида қарайди.
Дастлаб, Сиёсий Кенгаш раиси Қорақалпоғистон тиббиёт институтидаги “Адолат” СДП тарғибот-ташвиқот пункти фаолиятини ўрганди. Қайд этиш жоиз, ушбу пункт партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ташкил этилган. Танишув жараёнида партия етакчиси сайловчилар билан тўғридан-тўғри мулоқотнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Мулоқот орқали сайловчиларнинг фикрлари, таклифлари ва эҳтиёжлари аниқланади, бу эса партиянинг сиёсий стратегиясини самарали шакллантиришга ёрдам беради.
Куннинг иккинчи ярмида партия етакчиси олийгоҳда “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бир мандатли округлардан ҳамда маҳаллий кенгашларига кўрсатилган номзодлар, тиббиёт соҳаси вакиллари, партия оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашди.
Тадбирда Робахон Маҳмудова сўзга чиқиб, “Адолат” СДПнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги устувор вазифаларини баён қилди. “Биз соғлиқни сақлаш тизимида адолатни қарор топтириш, ҳар бир фуқаронинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқини кафолатлаш тарафдоримиз. Тиббиёт ходимларининг меҳнат шароитларини яхшилаш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш партия дастурининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланган”, дея алоҳида таъкидлади.
Қайд этилганидек, “Ақлли тиббиёт” тизимини ривожлантириш ва соғлиқни сақлаш соҳасини тўлиқ рақамлаштириш бугунги куннинг муҳим талаби ва у беморларга хизмат кўрсатишни янада яхшилаш мақсадида илгари сурилмоқда. “Электрон поликлиника” ва “Ягона электрон анкета” каби лойиҳалар тиббиёт муассасаларида ишни самарали ташкил қилиш, маълумотларни тез ва аниқ йиғиш ҳамда уларни таҳлил қилиш имконини беради.
Учрашув давомида Қорақалпоғистонда тиббиёт соҳасидаги ривожлантиришда сўнги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар бўйича Қорақалпоғистон республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Гавҳар Абдисаметова маълумот берди. Шунингдек, тадбирда парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзодлар сўзга чиқиб, ўз сайловолди дастурини йиғилганларга таништирди. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Шаҳзода Абдираманова ўз сайловолди дастурида мамлакат иқтисодий фаолияти натижасида юзага келган даромадларни адолатли тақсимлашни таъминлайдиган иқтисодий-ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш, айниқса, солиқ солишнинг прогрессив ставкаларини ҳаётга татбиқ этиш ва бу орқали даромадлар тенгсизлигини камайтириш зарурлигини таъкидлади.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлигига номзод Яхшибека Абдуллаева сайловолди дастурида аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, бандлик ва бошқа масалаларни қонунчилик доирасида бартараф этиш устувор вазифа этиб белгилангани хусусида сўз юритди. Шунингдек, учрашувда сайловолди дастуридаги фармацевтика соҳасини тартибга солиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳам қамраб олинганлиги, хусусан, фармацевтика ва тиббиёт ходимлари орасидаги яширин келишув ва ноқонуний мулоқотга чек қўйиш, фармацевтларнинг тиббиёт муассасаларига ғаразли ҳомийлигига чек қўйиш, бу каби ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгилаш масаласи қизғин қўллаб-қувватланди.
Учрашув сўнггида ёшлар ва тиббиёт ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларига партия вакилларидан жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.