ФОТОРЕПОРТАЖ

Қорақалпоғистон Республикаси “Баркамол авлод” болалар мактабида “Техник конструкторлик ва моделлаштириш”, “Жисмоний тарбия ва спорт”, “Туризм ва экология”, “Чет тили”, “Маданият ва санъат”, “Ҳунармандчилик ва қўл меҳнати” каби йўналишлар бўйича ташкил этилган тўгаракларда жами 1 минг 17 нафар ўқувчи билим ва маҳоратини оширмоқда.

Масканда 50 нафарга яқин малакали тўгарак раҳбари фаолият юритади. Улар машғулотларни самарали ташкил этиш учун бор маҳоратини ишга солмоқда.

“Тасвирий санъат” тўгараги раҳбари Дилфуза Қозоқова қарийб 20 йилдан буён ёшларга рангтасвир санъати сирларини ўргатиб келади. Ўз ишига фидойилиги, талабчанлиги ва ташаббускорлиги билан жамоа эътиборини қозонган. Шогирдларининг кўпчилиги республика ҳамда халқаро миқёсдаги нуфузли кўрик-танлов ва фестивалларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.

Дилфуза Қозоқованинг соҳадаги фидокорона меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланиб, жорий йил Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида у “Соғлом турмуш” медали билан тақдирланди.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА