Нукусда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси “Ҳунарманд” бирлашмаси томонидан ташкил этилган “Ўзбекистон совғалари” савдо-ярмаркаси ўтказилди.
Унда ҳунарманд ва тадбиркор хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилган беш юзга яқин маҳсулот намойиш этилди.
Ярмаркани ўтказишдан мақсад, тадбиркор ва ҳунарманд хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятини янада ривожлантириш, улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни реализация қилишга кўмаклашишдан иборат.
Тадбирда ҳунарманд ва тадбиркор хотин-қизлар томонидан ишланган қўл меҳнати, ёғоч ўймакорлиги, заргарлик, зардўзлик ҳамда уй-рўзғор буюмлари каби халқ ҳунармандчилиги йўналишларининг ўзига хос услубида ишланган маҳсулотлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Бундай тадбирларни мунтазам ўтказиш, мамлакатимизда тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни янада қўллаб-қувватлашда, улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг харидорини топишда ва кенг жамоатчиликка яқиндан таништиришда муҳим аҳамият касб этади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.