O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан “Ишбилармон аёл – 2024” кўрик-танловининг ҳудудий республика босқичи ўтказилди.

Унда  йигирма нафарга яқин тадбиркор, фермер ва ҳунарманд хотин-қиз ўзларининг маҳсулотлари билан иштирок этди.

Мазкур танлов “Ўзбекистон – 2030” Стратегиясида белгиланган 100 та муҳим мақсад йўналиш, O’zLiDeP Дастури ва Сайловолди платформасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда мамлакатимиз иқтисодиёти, кичик бизнес ва хусусий секторнинг ривожланишида фаол иштирок этаётган шижоатли, изланувчан, ташаббускор тадбиркор ва фермер хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди.

Танлов  якунида биринчи ўринга энг кўп ишчи ўрни яратган, экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариб келаётган “Гулбоғ-лолазор” фермер хўжалиги муносиб деб топилган бўлса, иккинчи ўрин Хўжайли туманидан “Qaraqalpaq textile” масъулияти чекланган жамият раҳбари Норгул Худойбергеновага, учинчи ўринни Элликқалъа туманидаги “Гулдурсин-нафосати” хусусий корхонаси раҳбари Манзура Джуматовага насиб этди. Бундан ташқари “Замонавий ташаббускор аёл”, “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли”, “Энг ёш, фаол аёл тадбиркор”, “Инвестицияларни жалб қилишда ташаббус кўрсатган ишбилармон аёл” ҳамда “Энг шижоатли аёл” каби номинациялар ҳам ўз эгаларига топширилди.

– Асосан асаларичилик, кўчат етиштириш, биогомус, Миср пиёзини етиштириш билан  шуғулланамиз, – дейди танлов ғолиби, “Гулбоғ-лолазор” фермер хўжалиги иш юритувчиси  М.Ўтебаева. – Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш  бўйича  3,5 миллиард сўмлик тўққиз номдаги техника грантини ютиб олиб хизмат кўрсатиб келмоқдамиз. Бундан ташқари 280 миллион сўмлик грант маблағи ҳисобидан боғ яратиш мақсадида 2 гектар ерга 1 минг 100 туп эрта пишар ўрик ва нок нави экилди. Фаолиятимизни янада кенгайтириб, аҳоли бандлигини таъминлаш ниятидамиз.

Ғолибларга ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда пул мукофотлари, шунингдек, фаол иштирокчиларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари ҳам топширилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),  

ЎзА