Украина Президенти Владимир Зеленский Олий Радада чиқиши чоғида Россия – Украина уруши учун “Ғалаба режаси”ни тақдим этди. Давлат раҳбари сўзларига кўра, ҳужжат 5 банд, 3 махфий иловадан иборат. Биринчиси – ҳозироқ Украинани НАТОга таклиф қилиш, иккинчиси – мудофаа. Шунингдек, маҳаллий қурол ишлаб чиқаришни кўпайтириш, шериклар ёрдами, жумладан Россия Федерацияси бўйлаб узоқ масофага отувчи қуролдан фойдаланиш бўйича чекловни олиб ташлаш ҳам назарда тутилган. Дарвоқе, махфий дастур тегишли ҳарбий ёрдам қобилиятига эга ҳамкорлар учун очиқ.
Учинчи бандга кўра, мамлакатда РФдан келадиган ҳар қандай ҳарбий таҳдиддан ҳимояланиш учун етарли, ядровий бўлмаган стратегик тийиб туриш имконига эга кенг қамровли тўплам жойлаштириш таклиф этилмоқда. Бу қисмда АҚШ, Буюк Британия, Франция, Италия ва Германия етакчилари томонидан қабул қилинган илова ҳам мавжуд.
Тўртинчиси – стратегик иқтисодий салоҳият. Украина Қўшма Штатлар ва ЕИ ўртасида мамлакатдаги мавжуд муҳим ресурсларни ҳимоя қилиш, шунингдек умумий сармоя киритиш ва тегишли иқтисодий салоҳиятдан фойдаланиш тўғрисида битим тузишни таклиф қилмоқда.
Бешинчиси – урушдан кейинги хавфсизликни таъминлаш.
Етакчи таъкидлашича, бу нуқталар махсус вақт бўйича ҳисоблаб чиқилган. Яъни, биринчи тўрт банд урушни тугатиш учун ҳозир, бешинчиси эса хавфсизликни кафолатлаш учун урушдан кейин амалга оширилади.
– Ғалаба режаси урушни тугатиш учун иккинчи тинчлик саммитига кўприк қуриш мақсадида ишлаши керак, – дейди Зеленский. – Агар режа қўллаб-қувватланса, кейинги йилдан кечиктирмай, урушни тугатишимиз мумкин.
– Украинанинг барча сиёсий кучлари ҳужжатни қўллаб-қувватлади, – деди Олий Рада спикери Руслан Стефанчук мамлакатнинг Бешинчи канали орқали чиқиш қилиб. – Зеленский тақдимотидан сўнг режа фракция етакчилари ёпиқ йиғилишида муҳокама қилинди.
Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель 17-18 октябрь кунлари Брюсселда бўлиб ўтадиган ЕИ саммитида етакчилар томонидан Владимир Зеленскийнинг “Ғалаба режаси” БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ тамойили асосида тинчлик йўли билан ҳал қилиш бўйича қарашлар келишиб олинишини айтди.
– Муҳокама марказида Украина бўлади, – дейилган ҳужжатда. – Биз Зеленскийнинг ғалабага эришиш режасини эшитиб, БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ тамойилига асосланган тинчлик ташаббуси атрофида консенсусга эришиш учун кейинги қадамлар устида ишлаймиз.
Европа Кенгаши раҳбари ва бошқа етакчилар Киевни молиялаштиришни давом эттириш, шу мақсадда музлатилган Россия активидан тушган даромаддан фойдаланиш масаласи муҳокамасига ишора қилди:
– Умид қиламанки, биз июнь ойида G7 ҳамкорларимиз билан Украина эҳтиёжини қўллаб-қувватлаш учун йил охиригача тахминан 45 миллиард евро (50 миллиард доллар) ажратиш бўйича олган мажбуриятимизни бажарамиз.
Мишель учрашувда келгуси қишда Украина энергетика соҳасини қўллаб-қувватлаш масаласини ҳам кўтармоқчи.
Франция ТИВ баёнот беришича, эртага Парижда Украинанинг мудофаа ва ядро хавфсизлиги бўйича вазирлар даражасида конференция ўтказилади. Маълум қилинишича, 15-16 июнь кунлари Швейцариянинг Бюргенсток шаҳрида бўлиб ўтган Украина бўйича конференцияга қатнашган барча давлатлар вакиллари ушбу тадбирга ҳам таклиф этилган. Йиғилишни Франция Ташқи ишлар вазирлигининг янги раҳбари Жан-Ноэль Барро очиб беради.
Франциянинг июнь конференциясида қабул қилинган мажбуриятини акс эттирадиган тадбир Зеленский таклиф этган тинчлик режасининг бир қисмидир.
С.Раҳимов,
ЎзА