Россияда балиқчилар икки ой олдин дараксиз йўқолган одамни қутқарди. У 67 кун давомида озиқ-овқат, сув ва иссиқ кийимсиз очиқ денгизда сузиб юрган. Қайиқдаги яна икки йўловчи, яъни қутулган одамнинг акаси ва жияни фожиали тарзда ҳалок бўлган.

Ака-ука ва жиян 9 август куни Хабаровск ўлкасидан Сахалин томон отланишади. Улар ўзлари билан 20 литр ичимлик суви ва бир ярим ҳафтага етадиган озиқ-овқат олган эди, холос. Сайёҳлар манзилга етишига тахминан 2 соат қолганда қайиқнинг мотори ишдан чиқади. Уч кунга мўлжалланган сайр шу тариқа “даҳшатли туш”га айланади. Қариндошлар очиқ денгизда ишдан чиққан қайиқ билан қолиб кетишади.

Хуллас, август ойида бошланиб, бир ойдан зиёд давом этган қидирув натижа бермайди. Расмийлар қайиқни топа олишмагач, йўқолганларни “ҳалок бўлган”, деб эълон қилишади.

14 октябрь куни “Ангел” номли балиқ овлаш кемасидагилар Камчатка қирғоғидан 23 км масофада бехос сузаётган жисмни пайқаб қолишади. Экипаж дастлаб радардаги объектни сузиб юрган чиқинди қолдиғи, деб ўйлайди-ю, барибир текшириб кўришга жазм қилади.

Айнан шу тасодифий қарор туфайли Михаил қутқарилди. Йигит оч-наҳор 67 кун дарбадар сузиш оқибатида ниҳоятда тинкаси қуриган ва 50 кг вазн йўқотган эди. Афсуски, тақдир синовига бардош беролмасдан унинг акаси ва жияни ҳалок бўлди.

Айни пайт мамлакат расмийлари фожианинг барча жиҳатларига ойдинлик киритиш мақсадида тергов олиб бормоқда.

Кенжа Бекжонов, ЎзА