14 октябрь куни “Рақамлаштириш соҳасида экспорт фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, IT-парк резидентларига қуйидаги қўшимча фаолият турлари бўйича хизмат кўрсатишга рухсат берилади:

— ахборот технологиялари соҳасида ташкил этиладиган таълим хизмати доирасида, инглиз тили билан бир қаторда бошқа хорижий тилларни ҳам ўқитиш;

— интернет орқали ахборот хизматларини экспорт қилиш фаолияти доирасида, бизнес-жараёнлар аутсорсинги йўналиши бўйича таълим фаолиятини амалга ошириш;

— интернет орқали билим жараёнлари аутсорсинги (Knowledge Process Outsourcing) хизматларини хорижий давлатларга экспорт қилиш.

2025 йил 1 февралдан 2030 йил 1 январгача экспорт хизматлари ҳажми календарь йил давомида 10 миллион АҚШ долларидан ошган IT-парк резидентларига ахборот технологиялари соҳасидаги хизматларини кўрсатган, Ўзбекистон билан иккиёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида битим тузилмаган давлатларнинг юридик шахслари ушбу календарь йил якунигача фойда солиғидан озод этилади.

2025 йил 1 февралдан 2040 йил 1 январгача жами даромади таркибида экспорти ҳажми 50 фоиздан ортиқ бўлган IT-парк резидентларининг таъсисчилари (иштирокчилари) – Ўзбекистон норезидентлари бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг дивидендлар тарзидаги даромадларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда фойда солиғининг 5 фоиз ставкаси татбиқ этилади.

ЎзА