Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) миссияси раҳбари Уэйк Дуглас билан учрашди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлар сайловини кузатиш бўйича мамлакатимизга ташриф буюрган ЕХҲТнинг ДИИҲБ миссияси вакиллари умумхалқ референдуми асосида янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган инсон ҳуқуқларига оид нормалар ҳамда Омбудсманга берилган ҳуқуқлар билан қизиқди.
Миссия вакилларига янгиланган Конституцияда мустаҳкамланган сайловга оид меъёрлар, Омбудсманнинг сайлов жараёнидаги ваколатлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, ўзаро суҳбатда сайловга тайёргарлик жараёнларида Омбудсманнинг иштироки, сайловга оид мурожаатлар, гендер тенглиги ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик алоқалари ҳақида сўз борди.
Учрашув самимий ва дўстона руҳда ўтди.
Н.Абдураимова,
ЎзА