Жорий йил октябрь ойидан Ўзбекистонда фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пули 738 минг 150 сўмдан 811 минг 965 сўмга оширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси ахборот хизмат хабар берди.
Бу энг кам иш ҳақи миқдори кўтарилгани билан боғлиқ. Яъни, 1 октябрдан мамлакатда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1 миллион 155 минг сўм этиб белгиланган. “Суюнчи пули” миқдори шундан 70,3 фоизини ташкил этади.
Маълумот учун, ҳозирги кунда Ўзбекистон ҳудудида базавий ҳисоблаш миқдори – 375 минг сўм, пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – 428 минг сўм, ёшга доир энг кам пенсия – 834 минг сўм, ногиронлик пенсиялари, жумладан иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори – 920 минг сўмни ташкил этади.
Меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа – 920 минг сўм, белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан (834 000 сўмдан) 920 минг сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир пенсиялари – 920 минг сўм этиб белгиланган.
Зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа – 745 минг сўм, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда – 745 минг сўмни ташкил этади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА