10 октябрь куни Самарқанд шаҳрида “Мирзо Улуғбек: буюк қомусий олим ва машҳур давлат арбоби” мавзусидаги халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 12 сентябрдаги қарорига кўра, юртимизда буюк қомусий олим ва машҳур давлат арбоби Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллигини кенг нишонланмоқда.
Мазкур қарор ижроси юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилган мазкур анжуман қатнашчилари дастлаб Мирзо Улуғбек расадхонасида бўлиб улуғ аллома ҳайкали пойига гуллар қўйди.
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида конференциянинг очилиш маросими ўтказилди.
Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Б.Абдуҳалимов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири биринчи ўринбосари О.Маҳкамов, Самарқанд давлат университети ректори Р.Холмуродов ва бошқалар мазкур анжуманнинг ўз даврида Амир Темур ва унинг набираси Мирзо Улуғбек томонидан дунёнинг йирик илм-маърифат марказларидан бирига айлантирилган Самарқандда, улуғ астроном олим ташкил этган мадрасаи олиянинг вориси ҳисобланган Самарқанд давлат университетида ташкил этилиши чуқур рамзий маънога эгалигини таъкидлади.
– Инсоният тарихида кўп кашфиётлар қилган, ўз илми билан одамлар турмуш тарзи ўзгаришига ҳисса қўшган олимлар бор, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам даҳолик даражасига кўтарилмаган, – дейди Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти директори, академик Шуҳрат Эгамбердиев. – Буюк астроном Мирзо Улуғбек бобомиз эса дунё илм аҳли томонидан даҳо сифатида эътироф этилган олимлардан бирики, бундан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Шунинг учун бугунги халқаро анжуманда бир қатор халқаро ташкилотлар, дунёга машҳур нуфузли университетлар вакиллари, таниқли астроном олимлар иштирок этмоқда. Биз мазкур конференцияда Шарқ астрономиясида ҳомийлик ва ҳомийлар масаласини кўтармоқчимиз. Чунки ўрта асрларда яшаб ўтган, илм-фан ривожи йўлидаги хизматлари жаҳонда эътироф этилган барча улуғ алломаларимизнинг илмий изланишлар билан шуғулланиши учун ҳукмдорлар, йирик мулкдорлар ҳомийлик қилган. Жумладан, Мирзо Улуғбекнинг астрономия фанидаги кашфиётлари, бу фан ривожидаги беқиёс хизматлари ҳам ўз даврида соҳибқирон Амир Темур томонидан яратилган илмий-маърифий муҳит, илм-фан намоёндаларига кўрсатган эътибор ва ғамхўрлиги натижаси бўлган. Ҳатто Мирзо Улуғбек асарларини Европада тарғиб этишда бу китобларга жаҳонгир Амир Темурнинг набираси Мирзо Улуғбек деб ёзилган.
Конференциянинг очилиш маросимида Франциядаги Темурий тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси раҳбари Федерик Брессанд хоним онлайн иштирок этиб, у бошчилигидаги жамиятнинг Европа давлатлари, хусусан, Францияда Мирзо Улуғбек меросини ўрганиш борасида амалга ошираётган ишлари ва келгуси режалари ҳақида маълумот берди.
Мазкур ассоциация ташаббуси билан Франция ва Ўзбекистондаги театр актёрлари ҳамкорлигида яратилган “Мирзо Улуғбек” спектаклидан лавҳалар намойиш этилди.
Шундан сўнг Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллиги муносабати билан нашр этилган буюк мунажжимнинг “Зижи жадиди Кўрагоний” ва “Тўрт улус тарихи” номли асарларининг бир неча тилдаги янги нашрлари тақдимоти ўтказилди.
Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Шарқ халқлари фани ва маданияти тарихи бўлими мудири, йирик шарқшунос олим, “Зижи жадиди Кўрагоний” асари таржимони Ашраф Аҳмедов мазкур асар ва унинг таржима жараёнлари ҳақида гапириб берди.
– “Зиж” Мирзо Улуғбекнинг шоҳ асари бўлиб, ундан кейинги фундаментал билимлар ривожига салмоқли ҳисса қўшган, – деди А.Аҳмедов. – Мазкур асар ўз таркибига кўра, VIII-IX асрларда бошланган астрономик анъанани давом эттирса ҳам илмий даражаси уларга нисбатан беқиёс ва баланддир. Мен 1974 йилда ушбу асар таржимаси устида иш бошлаганман. 20 йил давомида шу иш билан шуғулландим. Дастлаб асарни рус тилига ўгирган бўлсам, кейин ўзбекча таржима қилишга муаваффақ бўлдим. Тўрт китобдан иборат асар илк бор тўлиқлигича ўзбек тилига таржима қилинди. Бу бизнинг бебаҳо илмий бойлигимиздир.
Анжуман “Шарқ астрономиясида ҳомийлик ва ҳомийлар”, “Мирзо Улуғбек даврида илмий ва маънавий ҳаёт” шуъбаларида ўз ишини давом эттирди. Ушбу сессиялар дастуридан Мирзо Улуғбекнинг астрономия илми ривожига қўшган ҳиссаси, яратган асарларига оид сўнгги тадқиқотлар натижалари, илмий янгиликлар, ўша давр илмий ва маданий ҳаётига доир, шунингдек, улуғ аллома шогирдларининг фаолиятига бағишланган маърузалар, тақдимотлар билан бирга Шарқ мамлакатлари ва Европа давлатларида астрономия фани тараққиёти ва бунда халқаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
– Мирзо Улуғбекнинг “Зиж”и бутун дунё астрономияси тараққиётида туб бурилиш ясаган асарлардан бири ҳисобланади, – дейди Истанбул университети профессори Феза Гунергун. – Чунки унда келтирилган жадваллар, 1018 та юлдуз ҳаракати энг тўғри ва мукаммалдир. Шу боис ундан ўз даврида Европа мамлакатларида, жумладан, Усмонлилар салтанатида ҳам кенг фойдаланилган. Турк фалакиётшунослигига бу асар жуда катта таъсир кўрсатган. Айниқса, Мирзо Улуғбек мадрасаси ва расадхонасида фаолият олиб борган, унинг севимли шогирдларидан бўлган Али Қушчининг Улуғбек вафотидан сўнг Туркияга кетиб, у ерда илм-фан билан шуғулланиши, устози асарларини тарғиб этиши бизда бу фан ривожида муҳим ўрин тутади. Конференцияга айни шу мавзудаги маъруза билан иштирок этяпман.
Халқаро анжуман 11 октябрь куни давом этади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари