Бугун Ашхободда буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ҳайкали очилди, деб ёзган “Туркменпортал”.

Шу муносабат билан Туркманистон пойтахтидаги “Лочин” боғида Миллий етакчи, Халқ Маслаҳати Кенгаши раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев иштирокида тантанали очилиш маросими уюштирилди.

Тадбирда ҳукумат аъзолари, фахрий оқсоқоллар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, жумладан маданият намояндалари иштирок этди.

Тадбир давомида ижодий гуруҳлар ўз чиқишларини намойиш қилишди. Икки мамлакат маданият арбоблари туркман ва қозоқ тилларида мусиқий композициялар ижро этишди.

Ашхободда Абай хотирасига нисбатан кўрсатилган бундай ҳурмат маданий ҳамкорлик соҳасидаги муҳим воқеадир. Мазкур ёдгорлик маънавий бойлик, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик тимсолига айланиши шубҳасиз.

М.Пирматова, ЎзА