Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан АҚШда бўлиб турибди.

Ташриф доирасида Вашингтонда Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) Фискал масалалар бўйича департаменти директори ўринбосари Катерина Баер бошчилигидаги ХВЖ вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Хорижлик экспертлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади, хусусан, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва солиқ тизимининг шаффофлигини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар муҳимлигини таъкидлади.

Солиқ қўмитаси раҳбарияти ХВЖга яқинда эълон қилинган жамғарма экспертларининг мамлакатимизга ташрифи якунлари тўғрисидаги ҳисобот ва ундаги тавсиялар учун миннатдорчилик билдирди.

Экспертларнинг кўмаги солиқ ислоҳотларини амалга оширишда муҳим ўрин тутади ва солиқ тизимини янада самарали ташкил этишга хизмат қилади.

Ўзбекистон ХВЖ доимий хорижий маслаҳатчи тақдим этаётган 5 та давлатдан жой олгани ҳам яқин ҳамкорлик ва ишончдан далолат беради.

Мулоқотда ХВЖ мутахассислари солиқ маъмуриятчилигини яхшилаш ва яширин иқтисодиёт улушини камайтиришга ёрдам берадиган бир қанча муҳим жиҳатларга эътибор қаратди. Улардан бири – солиқ назоратини айниқса, ҚҚСни қайтариш (қоплаш) юзасидан назоратни кучайтириш зарурияти.

Шунингдек, айрим мамлакатларда солиқ солинадиган базани товар (хизмат)нинг бозор қийматидан келиб чиқиб белгилаш амалиёти мавжудлиги, бу эса солиққа тортишнинг адолатлилигини ошириш имконини бериши қайд этилди.

Мутахассисларнинг фикрича, иқтисодиётда норасмий сектор улушини камайтириш йўлларидан бири ҳисоб-китобларда нақддан нақдсиз тўловга ўтишни рағбатлантиришдир.

Бу солиққа оид ҳуқуқбузарликларни камайтириш ва солиқ тушумларини оширишга ёрдам беради.

Ш.Маматуропова,  

ЎзА