Польшанинг Варшава шаҳрида Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) ҳамкорлигида инсонийлик мезонларига бағишланган конференция бўлиб ўтмоқда.
Унда ЕХҲТнинг инсон хавфсизлиги ўлчови доирасида қабул қилинган барча мажбуриятларнинг бажарилиши ҳолати бўйича мулоқотлар ўтказилаётир.
Инсон ҳуқуқлари соҳасида фаолият юритувчи халқаро ташкилотлар экспертлари, хорижий давлатлар Омбудсманлари, миллий институт ва фуқаролик жамияти вакиллари қамраб олинган конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова ҳам иштирок этди.
Варшава конференциясида Ф.Эшматова маъруза қилиб, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўналишидаги ишлар, эришилаётган натижалар, Ўзбекистон қийноққа қарши ўзининг мустаҳкам позициясига эга экани ва бу Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилганига урғу берди.
Шунингдек, давлат раҳбарининг қарорига биноан тузилган жамоатчилик гуруҳлари билан биргаликда пенитенциар муассасаларга ўтказиладиган мониторинг ташрифларининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди.
Варшава конференцияси 11 октябрга қадар давом этади.
***
Омбудсман Феруза Эшматова Польша Республикасига ташрифи давомида ушбу мамлакатда яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан учрашди.
Учрашувда Польшада ишлаётган, ўқиётган ёшлар, шу ерда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган ёш тадбиркор ҳамюртларимиз иштирок этди.
Ўзбекистон Республикасининг Польша Республикасидаги элчихонасида ташкил этилган учрашувда дастлаб, ҳамюртларимизнинг Польшадаги фаолияти тўғрисидаги фикрлари эшитилди.
Давра суҳбатида иштирокчилар ҳуқуқий масалалар, жумладан, таълим ва тадбиркорлик, ёшларга яратилаётган имкониятларга оид саволлар берди. Айрим фуқаролар Ўзбекистондаги яқинларининг муаммоси ҳал қилиниши бўйича мурожаат қилди.
Самимий руҳда ўтган учрашув якунида Омбудсман хорижий давлатларда билим олаётган ёшларнинг Ватанга қайтиб, ўз билим ва тажрибалари билан мамлакат ривожига ҳисса қўшишларига ишонч билдирди.
Н.Абдураимова,
ЎзА