Шу йил 6 октябрь куни Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш масаласи бўйича умумхалқ референдуми бўлиб ўтди. Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси Раиси З.Низомхўжаев бошчилигидаги делегация мазкур референдум жараёнларида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси ахборот хизмати маълум қилди.

Кузатув жараёни Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси билан икки томонлама ҳамкорлик доирасида ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Туркий давлатлар ташкилоти ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти миссиялари таркибида амалга оширилди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур референдум Қозоғистоннинг мустақил ва суверен давлат сифатидаги тарихида тўртинчи референдум ҳисобланади. Атом электр станциясини қуриш мамлакат барқарор ривожланиши йўлидаги асосий қадамдир. Шу боис, ушбу масала умумхалқ референдуми орқали ҳал қилинмоқда.

Марказий сайлов комиссияси вакиллари овоз бериш кунида Қозоғистон пойтахти ва унинг атрофидаги референдум участкаларида кузатув олиб борди.

Умумхалқ референдумида икки турдаги участкалар ўз фаолиятини юритди: фуқароларнинг доимий яшаш манзилларидаги ва вақтинчалик турган жойларидаги участкалар. Жами 10 минг 327 та референдум участкаларидан 9 минг 709 таси фуқароларнинг доимий яшаш манзилларида, 618 таси эса фуқароларнинг вақтинчалик турган жойларида ташкил этилган. Қозоғистондан ташқари 59 та мамлакатда 74 та референдум участкаси ўз фаолиятини амалга оширди. Референдум комиссияларининг жами аъзолари сони 70 минг 49 нафарни ташкил этди.

18 ёшга тўлган Қозоғистон фуқаролари референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга. Референдумда иштирок этиш учун овоз берувчилар рўйхатига 12 миллион 244 минг 683 нафар Қозоғистон фуқароси киритилган. Агар овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпи уни қўллаб-қувватлаб овоз берган бўлса, референдумда кўтарилган масала бўйича қарор қабул қилинган ҳисобланади.

6 октябрь соат 14:00 ҳолатига кўра, референдумда овоз берганлар сони 51,77 фоизни ташкил этди. Яъни, Қозоғистонда атом электр станцияси қурилиши бўйича референдум бўлиб ўтган деб ҳисобланди.

М.Комилова тайёрлади. ЎзА