3-Қорақалпоғистон сайлов округидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Гулжон Халмуратова қонликўллик сайловчилар билан учрашди.
Учрашувда ишончли вакил Дилбар Нуримбетова номзоднинг меҳнат фаолияти билан яқиндан таништирди ва партиянинг сайловолди дастуридаги 5 та мақсад ва 500 вазифани қамраб олган ҳар бир йўналиш бўйича устувор вазифаларни таъкидлаб ўтди.
Номзод Гулжон Халмуратова сайловолди дастурида илгари сурилаётган муҳим йўналишларга тўхталди. Жумладан, партиянинг сайловолди дастурида барча соҳаларга, айниқса, хотин-қизларни, ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш борасида келгуси йилларда оналар ва болалар ўлими, болалардаги ирсий касалликларни камида 2 баробарга қисқартириш, онкологик, юрак-қон томир, қандли диабет бўйича эрта ўлимни эса 2,5 баробарга камайтиришга эътибор қаратилади. Бунинг учун 40 ёшдан ошган аёллар учун тегишли даврийликда тиббий кўрикдан ўтиш жорий қилинади.
– Мамлакатимизда сайлов янгича форматда ўтказилаётгани демократик тамойилларга тўла мос келади ва буни халқимиз ҳам мамнуният билан қўллаб-қувватламоқда. Бугунги учрашувдан шу нарса маълум бўлдики, Марказий сайлов комиссияси томонидан бу жараёнга тайёргарлик жуда яхши ташкил этилган, – дейди Қонликўл туманидаги 18-сонли умумтаълим мактаб ўқитувчиси Адилбек Досупов. – Сайловчиларнинг танлаган номзодга овоз бериши учун қулай имкониятлар яратилган. Мен партия олиб бораётган сиёсат нақадар халқчил ва дастури юрт истиқболини яратиш учун жуда муҳим эканини сайловчилар иштироки ва фикрлари мисолида амин бўлдим.
Бу йилги сайловларда партия янгича ғоя ва янгича ташаббус билан сайловчилар орасига кириб бормоқда. Дастурда барча соҳалар кенг қамраб олинган. Шу боисдан ҳам партия аҳолининг фаровон ҳаёт кечириши, фарзандларимиз сифатли таълим ва тиббиётдан баҳраманд бўлиши, аёллар ва нуронийлар, жамики юртдошларимиз бахтли яшаши, эртанги кунимиз ёруғ бўлиши учун фидойилик кўрсатишни ўз зиммасига олган.
Депутатликка номзод тумандаги “Дўстлик” ва “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғинида хонадонма-хонадон юриб, аҳолига бўлажак сайловларнинг аҳамияти, партия сайловолди дастурининг мазмун-моҳияти ва бўлажак сайловда овоз беришга чақирди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.