Жаҳон матбуоти Ўзбекистон ҳақида

392

Ҳиндистонда нашр этиладиган “Business Central Asia” журналининг бу галги махсус сони Ўзбекистонга бағишланди.

Журнал саҳифаларида мамлакатимиз ҳаётидаги сўнгги ўзгаришлар ва янгиланиш жараёнига бағишланган таҳлилий материаллар ва ёрқин фотосуратлар жой олган.

“2017 йил Ўзбекистоннинг замонавий солномасига изчил ва жадал ривожланиш билан ажралиб турадиган мутлақо янги босқичнинг бошланиши сифатида битилди. Бу ўзгаришлар кучли таҳлилий тафаккурга, замон билан ҳамнафас бўлиш ва миллий хусусиятларни ҳисобга олиш салоҳиятини берадиган сиёсий иродага, илғор бошқарув тажрибасига эга кучли шахснинг ўрни билан бевосита боғлиқдир. Бугунги жадал ривожланиш жараёни мустаҳкам пойдевор ва кўп йиллик тажрибага асосланган ҳолда ҳаётга тадбиқ этилаётганини ҳақли равишда эътироф этиш мумкин. Президент Шавкат Мирзиёев янада очиқ ва оптимистик руҳдаги янги Ўзбекистонни барпо этмоқда”, деб таъкидланган нашрнинг бош мақоласида.

Шунингдек, “Минтақа фаровонлиги умумий саъй-ҳаракатларга боғлиқ” сарлавҳали мақола мамлакатимиз етакчисининг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашувида илгари сурган ташаббуслар ва таклифларнинг аҳамиятига бағишланган. Муаллиф Ўзбекистон Президенти иқтисодий шерикликни ривожлантиришнинг янги моделини шакллантириш, саноат кооперациясини ўзаро қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ички минтақавий транспорт-коммуникация тармоғини янада ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва бошқа долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратганини урғулаган.

Махсус сонда юртимизнинг Ҳиндистондаги элчиси Сардор Рустамбоев, сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Козимжон Тожиев, Нодир Тилаволдиев, Тараққиёт стратегияси маркази департамент раҳбари Фарруҳ Ҳакимов ва бошқа муаллифларнинг мамлакатимиз ҳаётига оид ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий мақолалари ҳам чоп этилган.

Ў.Алимов, ЎзА