Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг таълим-тарбия соҳаси вакиллари билан мулоқоти бўлиб ўтди.

Мулоқотда юртимизнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган мактаб ўқитувчилари ва директорлари ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар, таклиф ва ташаббусларини айтдилар. 

Юртимиз мактаб таълими тизимида бўлаётган ижобий ўзгаришлар, ўқитувчилик касби нуфузи ва мақомини янада юксалтириш, устоз ва мураббийларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш бўйича қилинаётган кенг кўламли ишлар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирдилар.

Президент педагоглар илгари сурган ташаббусларни чуқур ўрганиб, амалиётга татбиқ этиш юзасидан тегишли мутасаддиларга топшириқлар берди.

– Яна бир бор такрорлайман: нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда. Ҳаммамиз кўриб турибмиз: бугунги шиддатли замон олдимизга қандай оғир ва мураккаб вазифаларни қўймоқда. Уларни ҳал этиш ва эзгу мақсадларимизга етиш учун халқимиз, аввало, ёшларимизни илм-фан ва тараққиёт ютуқлари билан қуроллантиришимиз шарт. Бу йўлда мен биринчи навбатда сизларга ишонаман, сизларнинг катта билим ва тажрибангиз, педагогик маҳоратингизга, ноёб инсоний фазилатларингизга таянаман, – деди Президент сўзининг якунида.

ЎзА