Москва шаҳрида ташкил этилган Россия энергетика ҳафталиги доирасидаги тадбирларда Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди.

Муҳокама чоғида томонлар ўртасида ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритди. Хусусан, Ўзбекистонда ёқилғи-энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ижросига ҳам эътибор қаратилди.

Энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов ва Россия Федерацияси ҳукумати раисининг ўринбосари А.Новак ўртасида ташкил этилган учрашув ҳам мазкур ҳафталикнинг аҳамиятли тадбирларидан биридир.

Унда томонлар Ўзбекистон ва Россия давлатлари ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаб бораётганини қайд этди. Бу каби алоқаларда ёқилғи-энергетика соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар муҳим ўрин тутади.

Вазирликнинг маълум қилишича, ўзаро мулоқот чоғида улар ушбу қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг бугунги ҳолати, галдаги ишлар ва энергия таъминоти соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига асосий урғу берди.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА