Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Корея Республикасининг Миллий ассамблеяси конгрессмени Юн Жин Квон билан учрашув ўтказди.

Учрашув аввалида вазир Ўзбекистон – Корея ўртасида IT йўналишида узоқ йиллардан буён кўп томонлама мустаҳкам муносабатлар ўрнатилганига эътибор қаратди. Шунингдек, ҳамкорликда бир неча лойиҳалар амалга оширилгани ва бу кўп қиррали ҳамкорлик келгусида ҳам давом эттирилишини алоҳида таъкидлади.

Учрашув давомида Корея IT-компаниялари учун Ўзбекистонда IT-аутсорсинг операцияларини кенгайтириш имкониятларини ўрганиш масалалари муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, юртимизда хорижий компаниялар, хусусан, IT соҳаси учун тақдим этилаётган имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди.
Бундан ташқари, учрашув давомида Корея ўйин компаниялари ва Ўзбекистон IT компаниялари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, янги контентлар ишлаб чиқиш бўйича қўшма корхоналарни ўрганиш, иккала мамлакатнинг ижодий ва техник тажрибасини бирлаштириш каби масалаларга эътибор қаратилди.

Ушбу учрашув рақамли технологиялар соҳасида Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш учун муҳим имконият тақдим этиб, IT-аутсорсинг ва бошқа соҳаларни ривожлантириш орқали иккала давлат ҳам ўзаро ўсиш ва инновацияларни рағбатлантирадиган умумий тажриба ва ресурслардан фойдаланиши учун шароит яратади.

Н.Раҳмонова, ЎзА