БМТнинг янги сўрови – UN E-Government Survey, PDF натижаси “Барқарор ривожланиш учун рақамли трансформацияни кучайтириш” номи остида эълон қилинди. Ўзбекистон электрон ҳукумат ривожи даражаси буйича дунё рейтингида 6 поғона юқорилаб, 193 давлат орасида 63-ўринни эгаллади.
Мамлакатимизда айни индекс – E-Government Development Index, EGDI 0,79 ни ташкил этди. 2022 йил мазкур даража 0,72 эди. Кўриб турганингиздек, ўсиш 0,07 бирлик. Рейтинг пешқадами – Даниянинг кўрсаткичи – 0,98. Осиё пешқадамлари – Жанубий Корея, Сингапур, Саудия Арабистони – 0,96. Қозоғистон эса Марказий Осиё минтақасида етакчи – 0,90. Қўшни давлат 2022 йилда 0,86 натижани қайд этган. Яъни, бизда ўсиш суръати Қозоғистонга нисбатан 0,03 бирлик юқори.
EGDI меъёри уч кичик индексдан иборат: телекоммуникация инфратузилмаси, инсон капитали ва онлайн хизмат. Ўзбекистонда бу кўрсаткич мос равишда 0,87, 0,75 ва 0,76.
Жорий йил ҳисоботида EGDI рейтинги бўйича 23 давлат кескин кўтарилган. Осиёнинг 10 етакчи давлати орасида Ўзбекистон ҳам бор. Ушбу гуруҳга Америкадан 3, Африка ва Европадан 2 тадан мамлакат кирган.
Ўзбекистоннинг электрон иштирок индекси – E-Participation Index, EPI бўйича кўрсаткичи 0,60.
Паст ва ўрта давромадли саккиз давлат, жумладан 0,76 кўрсаткич билан Ўзбекистоннинг ҳам OSI кўрсаткичи юқори баҳоланди. Мазкур ижобий натижа, яъни OSI қиймати 8,6 фоиз ўсиши ушбу мамлакатлар онлайн-хизмат кўрсатишни яхшилаш учун ресурс тақсимлашга устувор аҳамият бераётганидан далолат.
БМТ ҳисоботида қайд этилишича, Ўзбекистон рақамли трансформация орқали давлат хизмати самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш тарафдори. 2019 йил илгари сурилган “Рақамли Ўзбекистон-2030“ стратегиясида минтақавий тармоқларни рақамлаштириш, миллий ахборот тизимини жорий этиш ва рақамли технологиядан фойдаланишни рағбатлантириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Юртимизда “Uzum” ва “Click” онлайн тўлов тизимларини бирлаштириш орқали ягона рақамли ҳамжамият платформаси жорий этилишини янги ташаббуслар қаторига киритиш мумкин. Халқаро рақамли технологиялар маркази IT хизмати экспорти миқдори ошиши, қонунлар қайта кўриб чиқилиши электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Қайд этиш керак, электрон ҳукуматнинг ривожланиш даражаси шарҳи БМТ Иқтисодий ва ижтимоий ишлар департаменти томонидан ҳар икки йилда бир марта эълон қилинади. Бу жаҳон ташкилотига аъзо барча давлатларнинг айни йўналишдаги тараққиёти даражасини белгилайдиган ягона глобал меъёрдир.
Ш.Маматуропова,
ЎзА