Қирғиз Республикаси пойтахти Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар энергетика вазирларининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ахборот ҳамкоримиз – “TDH” хабар берган.

Тадбирда ТДТ Бош котиби, шунингдек Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркия, Қирғизистон энергетика вазирлари ва масъул вакиллари ҳамда Туркманистон ва Венгриядан кузатувчилар иштирок этди.

Учрашувда ТДТ давлатлари энергетика сиёсатидаги ҳамкорлик ҳолати ва алоқаларни ривожлантириш истиқболи кўриб чиқилиди. Жумладан, Нахичеван келишуви, Турк дунёсини 2040 йилгача ривожлантириш концепцияси ва 2023-2027 йилларга мўлжалланган энергетика соҳасида ҳамкорлик бўйича Ҳаракатлар режасида белгиланган вазифалар ижроси билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Қайд этиш жоиз, ТДТ энергетика вазирларининг учрашуви анъанага айланмоқда. Бу иштирокчи мамлакатларга, дунёнинг нотинч воқеаларини ҳисобга олган ҳолда, энергетика соҳасидаги долзарб муаммоларни бартараф қилиш имконини беради.

Томонлар қазиб олинадиган ёнилғи ва тоза энергия манбаларининг бир-бирини тўлдирувчи афзаллигидан фойдаланиш, энергия йўналишларини диверсификация қилиш имконияти, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда жаҳон ишлаб чиқариш-транспорт занжирининг ишончлилиги ва узлуксиз ишлашини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Эътиборли жиҳати, делегатлар технологиялар ва яшил ташаббуслар ҳудудий марказини ташкил этиш, шунингдек, ҳар йили энергетика ходимлари ўртасида касб маҳорати танловлари уюштириш, профессионал маҳорат бўйича биринчи турнирни Қирғизистонда ўтказиш таклифини илгари суришди.

Учрашув якунида электр энергиясини айирбошлаш ва етказиб бериш соҳасидаги ҳамкорликни давом эттиришга умумий тайёрлик билдирилиб, Қўшма коммюнике имзоланди.

Ўткир Алимов, ЎзА