“Euronews”, “DW” каби кўҳна қитъанинг қатор етакчи нашрлари айни кунларда асосий эътиборни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Германия Федератив Республикаси Федерал Канцлери Олаф Шольц расмий ташриф билан мамлакатимизга келганига қаратмоқда.

Мақолаларда давлатимиз раҳбари жаноб Шольцни Регистон майдонида кутиб олгани, олий мартабали меҳмон юртимизнинг асосий тимсолларидан бири, аждодларимиз бунёдкорлик салоҳияти ифодаси – YNESCO Жаҳон мероси рўйхатига киритилган дунёга машҳур мажмуа  таркибидаги Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасалари билан таништирилгани, ушбу жозибадор маданий объектларимиз ўз салобати, бой тарихи ва бетакрор архитектураси билан ГФР делегацияси аъзоларида чуқур таассурот қолдиргани эътироф этилган.

Самарқандда расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтгани, Конгресс маркази олдидаги майдонда фахрий қоровул саф тортиб, Президент Шавкат Мирзиёев Федерал Канцлерни шоҳсупага таклиф этганига урғу берилган.

Кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳарда кечган самарали музокаралар якунида Қўшма декларация қабул қилингани, расмий ташриф доирасида 8 та ҳужжат, жумладан, Миграция ва мобиллик соҳасида ҳар томонлама шериклик тўғрисида ҳукуматлараро битим имзолангани таъкидланган. Миграция соҳасига доир ушбу келишув малакали ўзбек ишчиларининг Германияга боришини осонлаштиришини назарда тутади.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА