Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиё-Африка ҳуқуқий маслаҳатлашув ташкилоти (Asian-African Legal Consultative Organization – AALCO)нинг 62-йиллик анжуманида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги делегацияси илк бор кузатувчи сифатида иштирок этмоқда.
1956 йил асос солинган, Осиё ва Африканинг 48 йирик мамлакатини бирлаштирган ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланадиган AALCO халқаро ҳуқуқни яратиш жараёнига сезиларли таъсир кўрсата олади. Яъни, БМТнинг Халқаро ҳуқуқ комиссияси (ILC), Халқаро савдо ҳуқуқи комиссияси (UNCITRAL), Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси (HCCH) каби тузилмалари билан ҳамкорликда халқаро ҳуқуқ пойдеворини шакллантиради.
Анжуман доирасида халқаро савдо ва инвестиция ҳуқуқи, атроф-муҳитни асраш, барқарор ривожланиш ва фазо маконидан фойдаланиш сингари долзарб мавзулар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон делегацияси халқаро таъминот занжиридаги иштироки ва дунё бозорига чиқишдаги ҳуқуқий жиҳатлар юзасидан маълумот тақдим этди. Шунингдек, иқлим ўзгариши шароитида атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва фазо билан боғлиқ маълумотларни халқаро миқёсда тартибга солиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Анжуман доирасида бўлиб ўтган Ўзбекистон делегациясининг AALCO бош котиби Камалинне Пиницувадол билан учрашувида ўзаро ҳамкорлик истиқболи муҳокама қилинди.
Тадбир эртага ниҳоясига етади.
Азиза Алимова, ЎзА