БМТ Бош котибининг махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе Хивада ўтказилган форумда онлайн иштирок этди.

БМТ Бош котибининг махсус вакили Президент Шавкат Мирзиёевга ушбу форумни қўллаб-қувватлагани учун чуқур миннатдорлигини билдирди.

– Ушбу форум Ўзбекистоннинг минтақадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тинчлик ва хавфсизликни таъминлашдаги муҳим ролини яна бир бор тасдиқлайди, – деди К.Имнадзе. – Ўз навбатида, халқаро майдонда мураккаб ҳолат, қарама-қаршилик сақланиб турган бир вақтда Марказий Осиё минтақаси барқарор ҳамкорликнинг намунасини намойиш этмоқда. Бунда, давлат раҳбарлари ўртасидаги Маслаҳат кенгаши механизми асосий роль ўйнамоқда.

К.Имнадзе мазкур форум парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашинувини ривожлантириш, мавжуд муаммолар бўйича ўзаро ечимлар топишда ижобий роль ўйнашини қайд этди.

БМТ Бош котиби А.Гутерриш ҳам парламентларнинг тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланишни илгари суришда ҳал қилувчи аҳамиятини таъкидлаган. Айниқса, Барқарор ривожланиш мақсадларига парламентлар иштирокисиз эришиб бўлмаслигини билдирган.

БМТ вакили форум кун тартибига аёллар ва ёшлар масалалари киритилгани тинчлик ва барқарорликни таъминлаш билан боғлиқ масала эканини эътироф этди. Бу ўринда Марказий Осиёда парламентлар гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳал қилувчи роль ўйнаётганини қайд этиб, Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги фаолияти, жумладан, Марказий Осиё етакчи аёллар мулоқотини ташкил этиш ва ривожлантиришдаги натижаларини эътиборга молик эканини таъкидлади.

К.Имнадзе БМТ Марказий Осиё билан трансчегаравий сувлардан фойдаланиш, музликлар эриши, гедер тенглик, ёшлар фаоллигини ошириш каби йўналишларда ҳамкорликни янада кучайтиришга тайёрлигини билдирди.

Норгул Абдураимова,  

Бекзодбек Саидов (сурат),  

ЎзА