Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги делегация Хитой Халқ Республикасига ташриф буюрди.

Ташриф давомида делегация Жамоат хавфсизлиги вазирлиги томонидан Лянюнган шаҳрида ташкил этилган «Ўзгарувчан шароитларда ғалаба қозонган ҳамкорлик: глобал жамоат хавфсизлиги ҳамжамиятини қуриш» мавзусидаги жамоат хавфсизлиги бўйича глобал ҳамкорлик форумида иштирок этди.

Форумда элликдан ортиқ давлатлардан тўрт юзга яқин мутахассислар, шунингдек, БМТ, ШҲТ, Интерпол ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.

Тадбир иштирокчилари глобал жамоат хавфсизлиги соҳасидаги долзарб муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари, минтақада кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, соҳа мутахассислари ўртасида мулоқотни ривожлантириш, хавфсизликка оид қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суриш, шунингдек, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши чора кўриш масалаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П.Бобожонов, шунингдек, “Марказий Осиё – Хитой” форматидаги ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирларининг биринчи йиғилишида иштирок этди.

Йиғилишда мамлакатимиз қаторида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистоннинг ички ишлар вазирлари ҳамда Хитойнинг Жамоат хавфсизлиги вазири бошчилигидаги делегациялар қатнашди.

Учрашув жараёнида томонлар жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлиги бўйича ҳамкорликни рағбатлантириш, ҳуқуқ-тартибот йўналишида идоралараро ва тармоқлараро мувофиқлаштириш механизмини яратиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш, шунингдек, минтақада бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги масалаларни муҳокама қилди.

Тадбир якунида томонларнинг ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича истиқболли вазифаларни қамраб олган “Марказий Осиё – Хитой” йиғилишининг баённомаси имзоланди.

Ташриф давомида П.Бобожоновнинг Хитой Давлат кенгаши аъзоси – Жамоат хавфсизлиги вазири полиция генерали Ван Сяохун билан икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда томонлар шу йил апрель ойида Тошкент шаҳрида имзоланган икки вазирлик ўртасида 2024-2025 йилларга мўлжалланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги дастур ижросини, шунингдек, терроризм ва экстремизм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси ҳамда бошқа турдаги трансмиллий жиноятларга қарши курашишда ҳамкорликни кучайтириш, кибержиноятларга қарши курашиш ва рақамли криминалистика йўналишида ички ишлар органлари ходимлари учун махсус ўқув курсларини ташкил этиш каби масалаларни муҳокама қилди.

Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашувда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида истиқболли вазифалар белгилаб олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА