Корея Халқ Демократик Республикаси раҳбари Ким Чен Ин мамлакат ташкил топганининг 76 йиллигига бағишланган тадбирда Пхеньян ядро арсеналини изчил мустаҳкамлашга ҳаракат қилаётгани эслатиб, КХДР “масъулиятли” ядровий давлатлигини яна бир бор таъкидлади.
“KCNA” ахборот агентлиги тарқатган суратларда пойтахтнинг марказий қисмида минглаб одамлар байрамни нишонлаш учун йиғилганини кўриш мумкин.
Ким Чен Ин Қўшма Штатларни иттифоқчилари билан бирга “асосан, турли таҳдидлар манбаи” сифатида таърифлаб, Шимолий Кореянинг ядровий кучлари яхшироқ такомиллаштирилиши кераклигини маълум қилди.
– Давлатимиз ядро қуролига эга рақиб ўлкалар томонидан қилинган ҳар қандай таҳдидли ҳаракатга тўлиқ бардош бера оладиган тизимни барқарор равишда мустаҳкамлайди, – деди жумладан у ўз нутқида. – Мамлакат барча ҳарбий воситалар, жумладан ядровий кучларни жанговар ҳаракат учун тўлиқ тайёр ҳолга келтириш бўйича чора-тадбирлар, саъй-ҳаракатларни икки карра оширади.
КХДР етакчиси сўзи якунида “ўзимизни ҳимоя қилиш учун мўлжалланган ядро қуролимиз ҳеч кимга хавф туғдирмайди”, дея қўшиб қўйди.
Бу тантанавор нутқ Шимолий ва Жанубий Корея ўртасидаги муносабат сўнгги йиллардаги энг салбий даражага тушиб қолган, шимолий давлат яқинда ўзининг жанубий чегарасига 250 та баллистик ракета учирувчи қурилма жойлаштирилганини эълон қилган пайтга тўғри келди.
– 2021 йил бўлиб ўтган партиянинг 8-қурултойидан сўнг Шимолий Корея ядровий, хусусан тактик қуроллар диверсификацияси таклифини илгари сурди, – деди Асан сиёсатшунослик институти илмий ходими Янг Ук. – 2027 йилга бориб КХДР 200 га яқин жанговар каллак учун етарли ядровий материал тўплай олади. 2030 йилга бориб эса бу кўрсаткич 300 тага етиши мумкин.
Ўткир ХОН, ЎзА