Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоиловнинг Хитой Коммунистик партиясининг Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Тяньзин шаҳар Хитой Коммунистик партияси қўмитаси котиби Чэн Миньэр бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Мулоқотда делегация аъзоларига янги таҳрирдаги Конституция нормаларини рўёбга чиқариш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳамда Қонунчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Ўз навбатида, Чэн Миньэр Ўзбекистон ва Хитой ўзаро дўстлик, биродарлик ва яхши қўшничилик асосида қурилган стратегик ҳамкорлар эканини таъкидлаб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар улкан натижалар бераётганини юқори баҳолади. Шунингдек, ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш ҳар томонлама фойдали эканини қайд этди.
Учрашувда икки давлат раҳбарлари ўртасидаги олий даражадаги мулоқотлар туфайли Ўзбекистон — Хитой ҳамкорлик муносабатлари ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилгани, жорий йилнинг январь ойида Пекинда ва июль ойида Остона шаҳрида давлат етакчилари томонидан ўтказилган музокараларда Хитой — Ўзбекистон ҳамкорлиги бўйича кўплаб муҳим келишувларга эришилгани, икки томонлама муносабатларни ривожлантиришнинг янги йўналишлари белгилаб олингани таъкидланди.
Шу куннинг ўзида Хитой делегацияси аъзолари Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари билан ҳам учрашди.
Чэн Миньэрнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда икки мамлакат ҳукуматлари, парламентлари, ҳудудлари ўртасидаги алоқалар шиддат билан ривожланиб бормоқда.
Меҳмон, Хитой Коммунистик партияси дунёнинг 130 дан ортиқ мамлакатларнинг 170 дан ортиқ сиёсий партиялари, шу жумладан, Ўзбекистоннинг 5 та сиёсий партияси билан алоқаларни яқиндан ўрнатгани, келгусида бу алоқаларни янада яхшилашдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар Хитой Коммунистик партияси ва Ўзбекистонда фаолият юритаётган сиёсий партиялар билан алоқаларни янада жадаллаштиришга келишиб олди.
М.Комилова,
ЎзА