Бирлашган Араб Амирликлари ахборот агентлиги “WAM” хабар беришича, Шаржа Савдо-саноат палатаси директорлар кенгаши раиси Абдуллоҳ Султон Ал-Увайс ва мамлакатимизнинг БААдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдулазиз Аққулов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида сармоя ва савдо миссиялари алмашинувини кўпайтириш орқали Шаржа Амирлиги ҳамда Ўзбекистон ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро имкониятларни ўрганиш мақсадида қўшма тадбирлар, форумлар ўтказиш масаласи муҳокама қилинди.
Товар айирбошлашни кенгайтириш, ўзаро алоқа механизмини ишлаб чиқиш йўллари кўриб чиқилди.
Республикамиз делегацияси Шаржа шаҳрида ўтказиладиган навбатдаги Яқин Шарқ соатлари ва заргарлик буюмлари намойиши ҳамда Пазандачилик кўргазмасига таклиф қилди.
Абдуллоҳ Султон Ал-Увайс иқтисодий муносабатлар мустаҳкамлиги, ўзаро савдо кўрсаткичи сўнгги йилларда сезиларли ўсганини юқори баҳолади. Бу ҳолат алоқаларни янада ривожлантиришга туртки бўлади.
Шунингдек, Ўзбекистон БААнинг Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкори экани, Шаржа палатаси эса икки мамлакат ўртасидаги савдо ва сармоя алоқаларини мустаҳкамлаш, ишбилармон доираларга қўшимча имконият яратишдан манфаатдорлиги таъкидланди.
Делегациямиз вакиллари мезбон томоннинг ҳаётий муҳим соҳаларга сармоя киритишни рағбатлантиришга доимий интилишини юқори баҳолади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА