Кеча тунда Франция пойтахти Париж шаҳрида XVII ёзги Паралимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими ташкил этилди.

Бу галги Паралимпия ўйинларининг очилиш маросими Олимпия ўйинлари сингари илк бор стадиондан ташқарида ўтказилди.

Париждаги Елисей майдони бўйлаб Конкорд майдонига қадар бўлган масофада иштирокчи давлатлар байроқлари 65 мингга яқин томошабинларнинг олқишлари остида олиб ўтилди.

Ўзига хос театрлаштирилган очилиш тантаналарида Франция мода тарихи, Паралимпия ўйинларининг келиб чиқиши хусусидаги видеоролик намойишларидан кейин, 2024 йилги Олимпиада ва Паралимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси раҳбари Тони Эстанге ва Халқаро Паралимпия қўмитаси (ХПК) президенти Эндрю Парсонснинг иштирокчиларга йўллаган табригидан сўнг Франция президенти Эммануэл Макрон ёзги Паралимпия ўйинларини очиқ деб эълон қилди.

Кенг майдон саҳнасига Паралимпия байроғини биринчи ногирон астронавт паралимпиячи Жон Макфолл олиб чиқди.

Конкорд майдонида ташкил этилган маросимда матонатли паралимпиячиларимиз Ҳусниддин Норбеков ва Моҳигул Ҳамдамова Ўзбекистон байроғини баланд кўтарган ҳолда майдондан олиб ўтди.

Тантанали маросимда Осиё паралимпия қўмитаси вице-президенти, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев иштирок этди.

Айтиш лозим, 2024 йилги Паралимпия ўйинларида 4400 нафар пара спортчи 20 та спорт тури бўйича кураш олиб боради. Ўн бир кунлик мусобақалар давомида ирода соҳиби бўлган пара спортчилар Паралимпия ўйинларининг 549 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб боради. 2024 йилги Олимпия ўйинларида бўлгани каби, 2024 йилги Паралимпия ўйинларида ҳам гендер тенглик сақлаб қолинди.

Бугун, 29 август куни ўйинларнинг илк кунида 11 та спорт турида беллашувлар бўлиб ўтса, шундан 4 та йўналишда «Париж-2024» Паралимпия ўйинларининг илк медаллари ўз эгаларини топади.

Мамлакатимизнинг матонатли пара спортчилари бугунги Паралимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган пара сузиш ва пара таэквонда мусобақаларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.

Пара сузиш мусобақаларининг турли йўналишларида Музаффар Турсунхўжаев, Кирилл Панков, Ислам Асланов Шохсанамхон Тошпўлатова, Муслима Одилова ўз омадларини синовдан ўтказса, пара таэквондо беллашувларида ҳамюртимиз Зиёдахон Исоқова -47 килограмм вазнда ғолиблик учун курашга киришади.

Т.Рўзиев, Ж.Тошхўжаев, ЎзА