Қирғизистон ҳукумати мамлакат ичида товар ва хизматлар учун тўловни фақат сомда амалга ошириш таклифи ишлаб чиқиляпти. Тегишли қонун лойиҳаси парламент депутатлари томонидан жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди, деб ёзган “Kazinform” агентлиги.

Қайд этилишича, бугунги кунда республикада ички савдо – кўчмас мулк, автотранспорт воситаси билан амалиёт, кредитлаш, тур ташкил этиш хорижий валютада амалга ошириляпти. Бу миллий валютага босимни кучайтиради.

Кредит тизими, масалан уй-жой учун бўлиб-бўлиб тўлашда фуқаролар пул бозори кескин сакраши ёки чет эл валютаси курси сунъий равишда ўсиши туфайли қийинчиликка дуч келади.

Шу муносабат билан қонун лойиҳасида сомнинг мақомини мустаҳкамлаш ва мамлакат ичида савдони фақат миллий валютада олиб бориш таклиф этилмоқда. Чет эл билан боғлиқ даромади ва харажати бўлган хўжалик юритувчи субъектлар экспорт-импорт билан боғлиқ савдо фаолиятини хорижий валютада амалга ошириши мумкин.

Aввалроқ Қирғизистон Миллий банки дисконт ставкасини 9 фоиз даражасида сақлаб қолгани хабар қилинган эди.